Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 август куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Қозоғистон Президентига Жамбил вилояти Бойзоқ туманида рўй берган фожиали воқеа оқибатида инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди. Ўзбекистон Қозоғистонга фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этишда зарур кўмак кўрсатишга тайёр экани таъкидланди.
Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Кўп қиррали ҳамкорлик ижобий суръат билан ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм соҳаларида кооперация лойиҳаларини, маданий-гуманитар алмашинув дастурларини илгари суриш муҳим экани таъкидланди.
Президентлар, шунингдек, минтақа кун тартиби, аввало, Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашиши юзасидан фикр алмашдилар. Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш масалаларида яқиндан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.