Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 июль куни Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти — Элбоши Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Қозоғистоннинг Биринчи Президенти — Элбошини туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, унга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат ҳамда қардош Қозоғистон халқи фаровонлиги йўлидаги тинимсиз фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Нурсултон Абишевич Назарбоевнинг Қозоғистон давлатчилигини барпо этишда, мамлакат тарихининг энг мураккаб даврида унинг суверенитети ва мустақиллигини мустаҳкамлашдаги муҳим роли қайд этилди.
Элбоши раҳбарлигида Қозоғистонда тинчлик ва тотувлик таъминлангани, ижтимоий-иқтисодий тараққиётда катта ютуқларга эришилгани, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи салмоқли даражада юксалгани алоҳида таъкидланди.
Суҳбат чоғида Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев икки томонлама муносабатларга доир, шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Олий даражада эришилган, аввало савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика соҳаларида, бошқа устувор йўналишлардаги келишувларни тўлиқ амалга оширишга муҳим эътибор қаратилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги интилиши қатъий эканини тасдиқладилар.