Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳрига ташрифнинг биринчи кунида Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов билан учрашув ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ўзбекистон ҳудудларининг Татаристон билан ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда етакчи корхоналарнинг саноат кооперацияси ва фаол гуманитар алмашинув ўзининг амалий натижаларини бераётгани мамнуният билан қайд этилди.
Фаол мулоқотлар ва ўзаро ташрифларни давом эттириш, Ўзбекистон ҳудудида қўшма иқтисодий ва саноат зоналари фаолиятини кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди.
Ўзбекистон Президенти Татаристон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
*** *** ***
Қозон шаҳрига ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Татаристон Республикасининг давлат мукофоти — «Дўстлик» ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Юксак мукофотни давлатимиз раҳбарига Татаристон Раиси Рустам Минниханов тантанали равишда топширди.
Президентимиз ушбу орден билан Ўзбекистон ва Татаристон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, халқлар ўртасида дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун мукофотланди.
Мамлакатимиз етакчиси Татаристон раҳбарига мукофот учун самимий миннатдорлик билдириб, сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорликда юқори натижаларга эришилганини мамнуният билан қайд этди ҳамда Татаристон халқига эзгу тилакларини билдирди.