8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтаётган жаҳон мамлакатлари парламентлари аёл раҳбарларининг саммити доирасида мамлакатимизда бўлиб турган Туркманистон Миллий Кенгаши Мажлиси Раиси Гулшат Маммедовани қабул қилди.
Учрашув аввалида Мажлис Раиси Гулшат Маммедова Ўзбекистон етакчисига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Миллий Кенгаш Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Давлатимиз раҳбари мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик алоқаларига асосланган Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларининг бугунги юксак даражасини катта мамнуният билан қайд этди.
Кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма кооперация лойиҳаларини ва маданий-гуманитар алмашинув дастурини илгари суришда икки мамлакат парламентлари муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.
Парламентлараро иттифоқ, шу жумладан Марказий Осиё минтақасидаги самарали мулоқот майдончалари доирасидаги сермаҳсул ҳамкорликка юқори баҳо берилди.