Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 16 январь куни мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини якунлаётган Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзени қабул қилди, дея хабар берилмоқда Prezident.uz сайтида.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Хитой элчисининг фаолияти самарали бўлгани ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшганини чуқур мамнуният билан қайд этди.
2017 йил май ойида ХХРга амалга оширилган олий даражадаги ташриф ва икки давлат раҳбарлари эришган келишувлар Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва уни аниқ мазмун билан бойитиш имконини бергани таъкидланди.
Турли даражадаги алоқалар, жумладан, парламентлар ва минтақалараро муносабатлар фаоллашди. Томонлар бир-бирини халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам қўллаб-қувватламоқда.
Ўзаро савдо ҳажми изчил ортиб бормоқда. 2017 йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 4,5 миллиард долларга етган. Гидроэнергетика ва нефть-газ тармоғи, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида юқори технологияли ишлаб чиқариш корхоналари барпо этиш соҳаларида йирик сармоявий лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Муҳим минтақавий транспорт йўлаклари – «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» автомобиль ва темир йўлларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликдаги ишлар бошлаб юборилган.
Маданий-гуманитар, илмий ва таълим соҳаларидаги алмашинувлар кенгаймоқда.
Ўз навбатида, Хитой элчиси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдириб, ХХР Раиси Си Цзиньпиньнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Дипломат Хитой ўзаро муносабатларга муҳим аҳамият қаратаётгани, Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш тарафдори эканини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ХХР элчисининг ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссасини инобатга олиб, Сунь Лицзега Ватанимизнинг юксак давлат мукофоти – «Дўстлик» орденини топширди.
Элчи Сунь Лицзе давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга унинг фаолиятини юксак баҳолагани ва «Дўстлик» ордени билан мукофотлагани, шунингдек, Ўзбекистонда ХХР дипломатик миссияси фаолиятига берилаётган ҳар томонлама кўмак учун самимий миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда бундан буён ҳам фаол иштирок этиш мақсадида эканини таъкидлади.
Тақдирлаш маросимида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.