Ўзбекистон Президенти Хитой ва Европанинг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди

0
80
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 май куни Кўксарой қароргоҳида учинчи Тошкент инвестиция форуми доирасида Хитой ва Европанинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Хитойнинг “CAMCE” корпорацияси раиси Ван Бо билан Тошкент шаҳрида Олимпия шаҳарчаси қурилиши ҳамда энергетика, саноат ва инфратузилма соҳаларидаги лойиҳалар портфелини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда фаолият юритишда катта тажриба тўплаган компания йирик лойиҳаларни молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишнинг бутун занжирини қамраб оладиган ечимларни тақдим этишга ихтисослашган.

“Goldwind” Цао Чжиган билан компаниянинг Ўзбекистонда “яшил” энергетикани ривожлантиришдаги иштироки истиқболлари кўриб чиқилди. Компания шамол энергетикаси технологияларини ишлаб чиқишга ихтисослашган бўлиб, жаҳондаги етакчи шамол турбиналари ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Шамол электр станциялари қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва жорий лойиҳаларни жадаллаштиришга келишиб олинди.

“China Southern Power Grid” билан Бухоро вилоятида шамол электр станциялари, бутун мамлакат бўйлаб гидроаккумуляция станциялари ва юқори кучланишли линиялар қуриш лойиҳалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда электр ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш бўйича “Holley Group” компанияси муваффақиятли ишлаётгани қайд этилди. Тошкент вилоятида технопарк қуриш ва унга Хитойнинг йирик компанияларини жалб қилиш юзасидан келишувга эришилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 май куни Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгаши мажлиси доирасида Европанинг бир қатор етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Учрашувда “Suez” компанияси раиси ва бош директори Сабрина Суссан, “Arsenale Group” компанияси бош директори Паоло Барлетта,  “Airbus”  корпорациясининг Европа бўйича президенти Йохан Пелисье ҳамда “Linde” компаниясининг Европа ва Яқин Шарқ бўйича президенти Оливер Пфанн қатнашди.

Давлатимиз раҳбари ушбу учрашув Европа бизнесининг Ўзбекистондаги фаолиятни кенгайтиришга қизиқиши тобора ортиб бораётганидан далолат эканини катта мамнуният билан қайд этди.

Инвестициявий ва инновациявий шериклик, сув таъминоти, фуқаролик авиацияси, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, туризм ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Европа компаниялари раҳбарлари Ўзбекистон Президентига самимий қабул ҳамда инвесторларнинг самарали фаолияти учун яратилаётган қулай шароитлар учун миннатдорлик изҳор этди. Устувор тармоқлардаги муҳим лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда бундан буён ҳам иштирок этишга тайёр эканини билдирди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.