23 апрель куни хорижий давлатларнинг мамлакатимизга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш маросими бўлиб ўтди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бангладеш Халқ Республикаси элчиси Муҳаммад Жаҳонгир Аълам, Чехия Республикаси элчиси Вацлав Йилек, Миср Араб Республикаси элчиси Амира Фаҳмий, Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги элчиси Демия Зуҳайр Ҳаддод, Туркия Республикаси элчиси Олган Бекар, Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари Шарлотт Адриан ва Россия Федерацияси элчиси Олег Мальгиновдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.
Тадбир аввалида давлатимиз раҳбари янги тайинланган элчиларни мамлакатимиздаги дипломатик миссияси бошлангани билан самимий табриклади.
Ўзбекистон хорижий мамлакатлар ва халқаро тузилмалар билан конструктив мулоқотни янада ривожлантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва амалий шерикликни кенгайтиришга муҳим аҳамият қаратаётгани таъкидланди.
Юртимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар, янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган стратегик дастур ва лойиҳаларнинг устувор йўналишлари алоҳида қайд этилди.
Бу борада пандемия оқибатларини енгиб ўтиш ва барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш, аҳолининг барча қатламларини манзилли қўллаб-қувватлаш ва уларнинг турмуш даражасини ошириш, узоқ муддатли ўсишнинг янги нуқталарини шакллантириш ва мамлакатимизнинг глобал рақобатбардошлигини таъминлаш масалалари диққат марказида турибди.
Ташқи сиёсатнинг асосий йўналишлари ҳақида сўз юритар экан, Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ва жаҳоннинг етакчи давлатлари билан стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.
Бугун биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан савдо, инвестиция ва инновациялар, рақамли технологиялар ва “яшил иқтисодиёт”, транспорт, транзит ва логистика, молия, тиббиёт ва кўплаб бошқа соҳалардаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда.
Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий кенгаш ва бошқа нуфузли тузилмалар доирасидаги яқин мулоқотни давом эттириб, кўп томонлама алоқаларни ривожлантирмоқда, глобал молиявий институтлар билан шерикликни кенгайтирмоқда.
Давлатимиз раҳбари янги элчилар вакиллик қилаётган мамлакатлар билан кенг кўламли ва узоқ муддатли ҳамкорликнинг истиқболларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Бангладеш Жанубий Осиёдаги муҳим ҳамкоримиз ҳисобланади, дўст халқларимизни маънавий ва маданий қадриятлар, муқаддас динимиз азалдан боғлаб келади.
Икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувларни мунтазам ўтказиш, тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги кооперацияни кучайтириш муҳим экани таъкидланди. Иккала мамлакат ўзаро савдо ва сайёҳлар оқимини тубдан кўпайтириш учун барча имкониятларга эга. Шу мақсадда алоқаларни жадаллаштириш ҳамда қўшма Ҳукуматлараро комиссия салоҳиятини тўлиқ ишга солиш зарур.
Чехия Республикаси бизнинг Европадаги ишончли ва истиқболли шеригимиздир.
Ўзбекистон Президенти кейинги йилларда икки томонлама муносабатлар жадал суръатда ривожланаётганини мамнуният билан қайд этди. Пандемияга қарамай, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ўтган йили уч баробар кўпайиб, 500 миллион доллардан ошди.
Юқори технологиялар ва инновациялар, автомобиль саноати, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, энергетика, тиббиёт, таълим ва туризм каби соҳаларда қўшма лойиҳалар портфелини шакллантириш асосий вазифа этиб белгиланди. Бу бўлажак олий даражадаги учрашувларнинг сермазмун кун тартибини шакллантиришга хизмат қилади.
Миср элчисига мурожаат қилар экан, Ўзбекистон Президенти икки томонлама муносабатларимиз сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.
Бунга Миср Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сиси 2018 йил сентябр ойида мамлакатимизга амалга оширган тарихий ташрифининг самарали натижалари хизмат қилди.
Ҳамкорлик бўйича ишга солинмаган улкан салоҳиятдан самарали фойдаланиш, жумладан, ҳамкорликнинг институционал механизмларини фаоллаштириш таклиф қилинди.
Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, фармацевтика, савдо, туризм, таълим ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Маърифатли ислом ғоялари ва қадриятларини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш муҳим йўналишлардан бири сифатида қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг яқин ва ишончли ҳамкори – Иордания билан икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш муҳим эканини таъкидлади.
Шерикликни фаоллаштириш учун зарур ҳуқуқий асосларни шакллантириш, савдо, кооперация ва ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш, маданий-гуманитар алмашинув дастурини тайёрлаш муҳимдир.
Бундан ташқари, БМТ, ИҲТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар доирасидаги яқин мулоқот ва ўзаро кўмак давом эттирилади.
Ўзбекистон Президенти олий даражада ўтказилаётган мунтазам ва самарали мулоқотлар туфайли Туркия билан стратегик шериклик муносабатларида эришилган бугунги даражани юқори баҳолади.
Бугун ишончга асосланган сиёсий мулоқот қарор топди. Пандемияга қарамасдан, делегациялар билан алмашинув фаол давом этмоқда. Хусусан, кейинги ойларда Туркия ташқи ишлар ва савдо вазирлари бошчилигидаги делегациялар ташриф билан мамлакатимизда бўлди.
Туркиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида йирик савдо, инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ҳудудлараро мулоқотлар йўлга қўйилди, таълим, маданият ва кино соҳаларида қўшма дастур ва тадбирлар муваффақиятли ўтказилмоқда.
Бўлажак саммитларга – Туркий кенгашнинг Истанбулдаги навбатдаги йиғилиши ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга расмий ташрифига тайёргарлик кўрилмоқда.
Европа Иттифоқи анъанавий равишда мамлакатимизнинг муҳим стратегик шериги бўлиб ҳаракат қилмоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган кўп қиррали ҳамкорлик янги суръат касб этди.
Европалик ҳамкорлар томонидан юртимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар, иқтисодий ислоҳотлар ва трансформация жараёнларига кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак алоҳида қайд этилди. Мамлакатимизга ЕИ Преференциялар бош тизимининг бенефициари мақоми берилгани биргаликда эришилган муваффақият ва икки томонлама муносабатларнинг муҳим ютуғи сифатида эътироф этилди.
Бугунги кунда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси юзасидан фаол музокаралар давом этмоқда. “Ўзбекистон — Евроиттифоқ” ва “Марказий Осиё — Евроиттифоқ” форматларида самарали мулоқот ҳам ривожланмоқда.
Олий даражада ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар кўп қиррали Ўзбекистон-Европа муносабатларини принципиал жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистон билан Россиянинг стратегик шериклиги ва иттифоқчилиги мисли кўрилмаган юқори даражага етди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ва ўзаро қўллаб-қувватлаш туфайли ҳамкорликнинг барча йўналишларида жадал ривожланиш кузатилмоқда.
Савдо, инвестициялар, энергетика, саноат, металлургия, қишлоқ хўжалиги, транспорт, инфратузилма, банк-молия, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, туризм ва кўплаб бошқа соҳаларда йирик лойиҳа ва дастурлар амалга оширилмоқда.
Тошкент шаҳрида яқинда ўтказилган “Иннопром” халқаро кўргазмаси Россиядан ташқарида илк бор ташкил этилган бўлиб, кенг кўламли ҳамкорликда улкан салоҳият ва имкониятлар мавжуд эканини яна бир бор намойиш этди.
Бундан ташқари, МДҲ, ШҲТ, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ўзаро манфаатли мулоқот кенгайиб бормоқда.
Бугунги кунда томонлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путиннинг Москвадаги бўлажак саммитига жиддий тайёргарлик кўраётгани таъкидланди. Ушбу учрашув икки томонлама стратегик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришда янги тарихий босқични бошлаб бериши кутилмоқда.
Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида дипломатик ваколатхоналар раҳбарларига уларнинг Ўзбекистон билан дўстлик ришталари ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятига катта муваффақиятлар ва зафарлар тилади.
Ўзбекистон Президенти янги тайинланган элчилар билан қисқа суҳбатлар ўтказди.
Дипломатлар самимий қабул ҳамда самарали фаолият учун яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдириб, икки томонлама алоқаларни ҳар томонлама ривожлантириш учун бор куч-ғайратини сафарбар қилишини қайд этдилар.