Бугун 25 август куни хорижий давлатларнинг мамлакатимизга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш маросими бўлиб ўтди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Руминия элчиси Даниель Кристиан Чобану, Польша Республикаси элчиси Радослав Грук, Тожикистон Республикаси элчиси Абдужаббор Раҳмонзода, Швейцария Конфедерацияси элчиси Константин Оболенский ва Германия Федератив Республикаси элчиси Тило Клиннердан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.
Давлатимиз раҳбари янги тайинланган элчиларни Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги кенг миқёсли демократик янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар давом этаётган муҳим тарихий даврда мамлакатимизда дипломатик миссиясини бошлагани билан самимий табриклади.
Амалга оширилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари тўғрисида сўз юритар экан, Президентимиз хорижий ҳамкор мамлакатлар, аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатлар ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида қайд этди.
Жорий йил август ойининг бошида Туркманистонда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви муваффақиятли ўтказилгани, ушбу тадбир яқин минтақавий ҳамкорликнинг кун тартиби кенг эканлигини яна бир бор намойиш этгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон етакчиси Афғонистондаги вазият ривожи билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Бугун ушбу мамлакатда рўй бераётган воқеалар бутун халқаро ҳамжамиятда ташвиш уйғотаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон афғон инқирозини тез фурсатда тартибга солишга кўмаклашиш учун муҳим ташаббусларни илгари сураётгани ва зарур саъй-ҳаракатларни амалга ошираётгани қайд этилди.
Жумладан, жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги юқори даражадаги халқаро конференциянинг мақсади Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ўрнатилиши ва иқтисодий тикланишга кўмаклашадиган йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш учун шароитларни шакллантиришдан иборат бўлди.
Ўзбекистон Президенти мамлакатимизнинг янги элчилар вакиллик қилаётган давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг истиқболларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Руминия билан икки томонлама амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Бу, аввало, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, тўқимачилик, кимё ва фармацевтика тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида кооперацияни йўлга қўйишдир.
Шу муносабат билан қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказиш, мулоқот ва алмашинувларни, шу жумладан ташқи сиёсий идоралар даражасида фаоллаштириш таклиф этилди.
Халқаро ташкилотлар ва Европа Иттифоқи билан мулоқот доирасида Руминия билан ҳамкорлик қилишга ҳам муҳим эътибор қаратилмоқда.
Польша Ўзбекистоннинг Европадаги ишончли анъанавий ҳамкоридир. Кейинги йилларда кўп қиррали Ўзбекистон-Польша ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Бундан ташқари, ЕИ билан кўп томонлама мулоқот ва Вишеград гуруҳи доирасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда.
Шу билан бир қаторда, икки мамлакат қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, кичик бизнес ва инновациялар, таълим ва туризм каби соҳаларда ҳали ишга солинмаган катта салоҳиятга эга.
Ўзбекистон етакчиси бўлажак олий даражадаги мулоқотлар амалий шерикликни кенгайтиришга қўшимча суръат бағишлашини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон билан Тожикистоннинг дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларида сезиларли юксалишга эришилганини мамнуният билан қайд этди.
Бунга икки биродар мамлакат етакчиларининг мунтазам учрашувлари ва сиёсий иродаси хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил июнь ойида Тожикистон Республикасига тарихий ташрифи якунида эришилган келишувлар ва аниқ кооперация лойиҳаларини тўлиқ ҳажмда амалга ошириш муҳим экани алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, мамлакатларимиз халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилиб, бир бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Швейцария билан муносабатлар истиқболига тўхталар экан, Ўзбекистон Президенти сиёсий мулоқотни янада рвиожлантириш ва биргаликдаги иқтисодий лойиҳаларни илгари суриш муҳим эканини таъкидлади.
Банк-молия соҳаси, инновациялар ва замонавий технологиялар, озиқ-овқат саноати, фармацевтика, Оролбўйидаги вазиятни яхшилаш учун молиявий-техник кўмак дастурларини кенгайтириш устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Қўшма Ҳукуматлараро комиссия фаолияти доирасидаги амалий шерикликнинг янги кун тартибини ишлаб чиқиш муҳим экани қайд этилди.
Ўзбекистон Германия билан кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашдан манфаатдор.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, олий даражадаги мунтазам мулоқотлар Ўзбекистон-Германия муносабатларида янги босқич бошланганидан далолат беради.
Глобал иқтисодий инқироз оқибатларига қарамай, ўзаро савдо ҳажми, Германиянинг етакчи компаниялари иштирокидаги қўшма кооперация лойиҳалари сони ортмоқда.
Бундан ташқари, республикамизда “KfW” банки, Германия савдо-саноат палаталари уюшмаси ҳамда Кичик ва ўрта бизнес бирлашмаси офислари ўз фаолиятини муваффақиятли бошлагани қайд этилди.
Ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларнинг фаоллашиши икки томонлама иқтисодий ҳамкорликнинг улкан салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилиши таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сўзини якунлар экан, дипломатик ваколатхоналар раҳбарларига уларнинг Ўзбекистон Республикаси билан дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятига катта муваффақиятлар тилади.
Қисқа суҳбатда дипломатлар самимий қабул ва мамлакатимиздаги самарали фаолиятига яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдирдилар. Элчилар мамлакатларимиз ўртасидаги шериклик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантириш учун бор куч-ғайратини сафарбар қилишини қайд этдилар.