Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилишида иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрига келди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Давлатимиз раҳбари йиғилиш ялпи сессиясида нутқ сўзлайди.
Саммит ишида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, Европа Комиссияси вице-президенти Валдис Домбровскис, ЕТТБ Бошқарувчилар кенгаши раиси Магнус Бруннер, хорижий ҳукуматлар, етакчи трансмиллий корпорациялар ва саноат холдинглари, халқаро молия институтлари ва банкларнинг раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, дунёнинг 70 та мамлакатидан иқтисодиёт, инвестициялар, молия ва инновациялар соҳаси экспертлари ва таҳлилчилари, фуқаролик жамияти фаоллари ва журналистлар – жами 2,5 мингдан зиёд иштирокчи қатнашмоқда.
Тадбир глобал иқтисодиёт истиқболларини кенг муҳокама ва чуқур таҳлил қилиш, унинг барқарор тараққиётини таъминлаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш учун муҳим платформадир.
Иқтисодиёт барқарорлигига сармоя киритиш, халқаро савдони рағбатлантириш, энергетик хавфсизликни таъминлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, рақамлаштиришни жадаллаштириш, молиявий инфратузилмани модернизация қилиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, “яшил” иқтисодиёт дастурини илгари суриш масалалари форумнинг марказий мавзулари бўлади.
Тадбир доирасида давлатимиз раҳбари хорижий делегациялар раҳбарлари билан қатор учрашувлар ўтказиши режалаштирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ЕТТБ мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини илгари суришда фаол иштирок этмоқда.
Мана уч йилдирки, Ўзбекистон ушбу етакчи молиявий институтдан жалб қилинган инвестициялар ҳажми бўйича минтақада етакчилик қилмоқда. Бугунги кунда Банк лойиҳаларининг портфели 3 миллиард евродан ошди, унда хусусий секторга инвестициялар улуши 55 фоиздан зиёдни ташкил қилмоқда.