Ўзбекистон Президентининг Хитойга давлат ташрифи якунланди

0
70
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига самарали учрашувлар ва эришилган келишувларга бой бўлган давлат ташрифи ўз якунига етди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Давлатимиз раҳбари 24 январь куни Пекин шаҳрида ХХР Раиси Си Цзиньпин билан музокара ўтказди. Сўнг етакчилар Қўшма баёнот қабул қилдилар, икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланди.

Ташрифнинг биринчи кунида ушбу мамлакат Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян ва Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши Бутунхитой қўмитаси Раиси Чжао Лэцзи билан ҳам учрашувлар бўлиб ўтди. Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, CNPC ва CITIC корпорациялари, Хитой Экспорт-импорт банки раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди.

Давлат ташрифининг иккинчи куни Хитойнинг инновациялар пойтахти – Шэньчжэнь шаҳрида ишбилармонлик тадбирлари байроғи остида ўтди. Ўзбекистон Президенти Гуандун музофоти партия қўмитаси котиби Хуан Куньмин билан ҳудудлараро алоқаларни муҳокама қилди.

Мамлакатимиз етакчиси Хитой йирик бизнесининг 600 дан зиёд вакилларини йиғган қўшма Инвестиция форумида иштирок этди ҳамда Ипак йўли фонди, “SANY” ва “CSG” компаниялари раҳбарлари билан учрашди.

Глобал электромобиллар бозори пешқадами – “BYD” компанияси бош қароргоҳи ва технологиялар марказига ташриф буюриб, давлатимиз раҳбари Жиззах вилоятида гибрид ва электр автомобилларни биргаликда ишлаб чиқаришга старт берди.

Шу билан Хитойга давлат ташрифи дастуридаги тадбирлар якунланди.

Аэропортда олий мартабали меҳмонни Гуандун музофотининг расмий шахслари кузатиб қўйди, давлатимиз раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.