Олий даражадаги музокаралар якунлангач, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ҳузурида савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган 15 та икки томонлама ҳужжатни имзолаш маросими бўлиб ўтди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Жумладан, қуйидагилар қабул қилинди:
– Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш ҳамда даромад ва мулк солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Божхона ишларида ўзаро кўмак кўрсатиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Меҳнат муносабатлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод этиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро меморандум;
– Маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро меморандум;
– Савдо соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
– Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
– Ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
– Спорт ва ёшлар ишлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
– Тошкент ва Доха шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум.
Шунингдек, ташқи ишлар ва адлия вазирликлари ўртасида 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурлари ҳамда Устувор инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун қўшма платформа яратиш тўғрисида келишув имзоланди.
Ўзбекистон-Қатар саммити якунида дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Самарқанддаги Конгресс маркази боғида биргаликда дарахт экдилар.
Бу Ўзбекистон билан Қатар ўртасидаги кўп қиррали муносабатларда янги босқич бошлангани ва етакчиларнинг халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлаш йўлидаги қатъий интилиши рамзидир.