Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди

0
84
марта кўрилган.

Бугун, 27 январь куни Бишкекдаги “Ала-Арча” қароргоҳида давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Президентини расман кутиб олиш маросими бўлди.

Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Икки мамлакатнинг давлат мадҳиялари янгради.

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирдилар. Биргаликда суратга тушилди.

Шундан кейин  ушбу “Ала-Арча” давлат қароргоҳида  Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров тор доирада учрашув ўтказдилар.

Давлатимиз раҳбари таклиф ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, кейинги икки йилда Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлиги жуда самарали ривожланганини қайд этди.

– Қирғизистон бизнинг муҳим стратегик ҳамкоримиз, энг яқин қўшнимиз ва вақт билан синалган дўстимиздир, деди Шавкат Мирзиёев.

Томонлар охирги икки йилда ўзаро муносабатларни мутлақо янги даражага олиб чиқишга эришгани таъкидланди. Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг делимитацияси якунига етказилгани эса тарихий воқеа сифатида эътироф этилди.

Музокараларда икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон раҳбари кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми етти баробарга кўпайганини мамнуният билан қайд этди. Ўтган йилнинг ўзида товар айирбошлаш 30 фоизга ошиб, 1,3 миллиард долларга етди.

Икки мамлакат ҳукуматларига савдо ҳажмини янада ошириш ва ўзаро маҳсулот етказиб бериш номенклатурасини кенгайтириш юзасидан биргаликда ишлаш бўйича топшириқ берилди.

Саноат, тўқимачилик, энергетика, кон ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида янги қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Шу мақсадда Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт фондининг салоҳияти янада фаол ишга солинади.

Давлат раҳбарлари минтақавий тузилмалар ва халқаро мулоқот майдонлари доирасидаги ҳамкорликни, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорлик, замонавий хатар ва таҳдидларга самарали қарши курашиш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Томонлар кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттиришга интилишини тасдиқладилар.

Давлат раҳбарлари шундан кейин  музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари аъзолари, қатор вазирлик ва вилоятлари раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.

Давлатимиз раҳбари яна бир бор самимий қабул ва меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдириб, Президент Садир Жапаров раҳбарлигида Қирғизистонда амалга оширилаётган муваффақиятли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар Ўзбекистонни қувонтираётганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Олий даражадаги мулоқотлар тизимли ва фаол тус олгани ҳамкорликни салмоқли даражада мустаҳкамлаш, янги ўсиш нуқталарини аниқлаш ва амалий шерикликни кенгайтиришга хизмат қилди.

Томонлар ўзаро стратегик шерикликни чуқурлаштириш борасида биргаликда ишлашга қатъий интилишини билдирдилар. Мамлакатларимиз ўртасида тузилган Чегара тўғрисидаги шартнома қардош халқларимиз томонидан кўтаринки руҳ билан қабул қилингани таъкидланди.

Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йил якуни билан ўзаро товар айирбошлаш 1,3 миллиард долларга етгани, 300 дан зиёд қўшма корхона ташкил этилгани таъкидланди. Иқтисодиётнинг турли тармоқларида саноат кооперацияси лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт фонди аниқ лойиҳаларни молиялаштиришни бошлади.

Куни кеча ўтган бизнес-форум доирасида умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик салмоқли шартномалар тўплами имзоланди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг асосий устувор йўналишларини қайд этди. Бу, биринчи навбатда, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтиришдир.

Шу мақсадда томонлар учинчи мамлакатлардан импорт ўрнини ўз ишлаб чиқарувчиларимизнинг арзон маҳсулотлари билан тўлдириш, шунингдек, икки мамлакат пойтахтларида савдо марказларини ташкил этиш масалаларини ўрганишга келишиб олдилар.

Саноат кооперацияси доирасида қарийб 500 миллион долларлик янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Автомобиллар, замонавий маиший техника, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, фойдали қазилмаларни биргаликда қазиб олиш ва қайта ишлаш шулар жумласидан.

Мамлакатимиз етакчиси озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида қайд этди.

Интенсив боғлар ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш, картошка, мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини етказиб бериш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва бошқа қўшма лойиҳаларни ишга туширишга қаратилган агрокооперация дастурини амалга ошириш шу мақсадларга хизмат қилади.

Ўзбекистон Президенти икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги шериклик ва тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик аҳамиятга эга экани қайд этилди. “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича ишларни фаоллаштириш, “Андижон-Ўш-Иркиштом” автомобиль йўлининг салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, шу мақсадда қўшма транспорт-логистика компаниясини ташкил этишга келишиб олинди.

Музокараларда энергетика соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Гидроэнергетикадаги лойиҳаларни амалга ошириш, шу жумладан Қамбарота ГЭС-1 қурилиши борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини кўрсатиб ўтди. Тарихи ва дини, тили ва маданияти муштарак бўлган халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган қатор аниқ ташаббуслар илгари сурилди.

Хусусан, улуғ қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг 95 йиллигини кенг нишонлаш, Ўшда Бобур номидаги Ўзбек мусиқали драма театрининг очилишида биргаликда спектакль намойиш этиш, зиёлилар ва ёшларни фаол жалб қилган ҳолда янги формат – Авлодлар мулоқотини ташкил этиш, талабалар спартакиадаси, қўшма фестиваль ва концертлар, ижодий тадбирларини ўтказиш таклиф қилинди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.