Қадрли юртдошлар!
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, аграр соҳа жонкуярлари!
Жонажон диёримизда дала ишлари, жорий мавсум якунига етиб бораётган ушбу қутлуғ айёмда сизларни ва кўпмиллатли бутун халқимизни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Фидокорона меҳнати билан тупроқдан ноз-неъмат ундириб, халқимиз дастурхонини тўкин қилиб келаётган сиздек миришкор деҳқон ва фермерлар, моҳир боғбон ва чорвадорларга, омилкор агроном ва механизаторлар, кластерларнинг тажрибали раҳбарлари ва ходимлари, соҳанинг ҳурматли фахрийларига ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларимни билдираман.
Азиз дўстлар!
Сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгаришлари, табиий офатлар, ер ва сув ресурслари тақчиллиги қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Ана шундай мураккаб шароитга қарамасдан, жорий йилда сизларнинг машаққатли меҳнатингиз билан юртимизда 9 миллион тонна дон, 3 миллион тоннадан ортиқ пахта, 16 миллион тоннадан зиёд сабзавот ва полиз, 5 миллион тонна мева ва узум, 4 миллион тонна картошка, 15 миллион тоннадан кўп гўшт ва сут, 30 минг тонна пилла етиштирилгани – чинакам қаҳрамонлик намунаси, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.
Бунинг учун сизларнинг шаънингизга ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак, арзийди.
Албатта, бундай улкан ютуқларга эришишда кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги ривожига берилаётган юксак эътибор, тармоқда туб таркибий ўзгаришлар амалга оширилиб, ишлаб чиқариш муносабатлари замон талаблари асосида йўлга қўйилаётгани ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлганини барчамиз яхши тушунамиз.
Айниқса, соҳага илғор агротехнологиялар, илм-фан ва инновация ютуқлари кенг жорий этилаётгани ижобий натижа бермоқда. Бу йил 100 минг гектар майдонда касаллик ва зараркунандаларга чидамли серҳосил ғўза навлари экилиб, улардан мўл ҳосил етиштирилгани бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Ғаллачиликда ресурс тежайдиган замонавий агротехнологияларни қўллаш натижасида ўртача ҳосилдорлик биринчи марта 85 центнерга етказилди. Олти мингдан ортиқ тажрибали фермерларимиз бу борада 90-100 центнерлик маррани забт этганларини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ресурсларни тежайдиган интенсив технологиялар асосида 50 минг гектар майдонда сабзавот етиштирилиб, ҳосилдорлик анъанавий усулга нисбатан 200-250 центнерга ошгани, соф даромад гектаридан 6-8 минг долларни ташкил этгани ҳам муҳим ютуқларимиз қаторига киради.
Йил давомида қишлоқ хўжалиги субъектларига 18 триллион сўм имтиёзли кредит ва 176 миллиард сўм субсидия ажратилгани, умумий қиймати 3,6 триллион сўмлик 11 минг 600 дона юқори унумли замонавий техника ва агрегатлар етказиб берилгани ҳам мавсумни самарали якунлашда муҳим омил бўлди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришларига мослаштириш, уларнинг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида илк бор Миллий дастур қабул қилинди. Унинг ижросини таъминлаш ҳамда маҳсулот етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш учун хорижий молия ташкилотларидан 160 миллион доллардан ортиқ маблағлар жалб этилмоқда.
Бу йил қишлоқ жойларда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни сақлаш ва сотиш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 343 та янги лойиҳа ишга туширилгани диққатга сазовордир.
Шунингдек, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун 75 минг гектар ер майдонлари 180 минг нафардан ортиқ ижтимоий муҳтож аҳоли ҳамда ёшларга бўлиб берилгани ва 200 мингдан зиёд иш ўрни яратилгани қишлоқда бандликни таъминлаш, реал даромадларни ошириш, камбағалликни қисқартиришда муҳим роль ўйнамоқда.
Томорқачиликда даромадни ошириш мақсадида 5145 та маҳалла “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ихтисослаштирилди.
Чорва наслини яхшилаш ва маҳсулот ҳажмини кўпайтириш учун аҳолига 40 минг бош қорамол, 82 мингта қўй ва эчки етказиб берилди, четдан 260 минг бош зотдор моллар олиб келинди.
Қадрли дўстлар!
2025 йилни мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” деб эълон қилганимиз албатта бежиз эмас.
Бутун тақдири ва истиқболи ер-сув ресурслари билан чамбарчас боғлиқ бўлган қишлоқ хўжалиги учун бу қарорнинг аҳамияти қанчалик катта эканини сиз, азизлар айниқса яхши тушунасиз.
Ҳеч шубҳасиз, мазкур йил бўйича қабул қилинадиган давлат дастури соҳани барқарор ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида “яшил” технологияларни қўллаш, экологик тоза маҳсулотлар етиштириш бўйича янги имкониятлар очади.
Аграр соҳани илм-фан асосида ривожлантиришни тизимли йўлга қўйиш, унинг барча тармоқларидаги инновацион фаолиятни интеграциялаш мақсадида келгуси йили Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясини ташкил этамиз.
Ўтган йиллардаги ижобий тажриба давом эттирилиб, яна 100 минг гектар ер деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун аҳолига бўлиб берилади. Пахтачиликда 40 фоиз майдонда Хитойда ўзини оқлаган илғор тажриба жорий этилади.
Халқаро ҳамкорларимиз билан биргаликда кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилади.
“Рақамли қишлоқ хўжалиги” ягона интеграцион платформаси такомиллаштирилиб, маҳсулот етиштирувчиларга “бир дарча” тамойили асосида комплекс хизмат кўрсатиш тартиби йўлга қўйилади.
Қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш, ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш, қишлоқ аҳли учун янги иш ўринлари яратиш борасидаги ишларимиз ҳам изчил давом эттирилади.
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, соҳа ходимлари!
Кўриб турганингиздек, олдимизда улкан вазифалар турибди. Уларни амалга оширишда сизлар фаол иштирок этиб, ўз куч-ғайратингиз, билим ва тажрибангиз билан қишлоқ хўжалиги ривожини янги босқичга олиб чиқишга муносиб ҳисса қўшасиз, деб ишонаман.
Сиз, азизларни бугунги файзли байрам билан яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат, олижаноб фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман.
Ҳалол меҳнатингиз, азму шижоатингиз учун яна бир бор катта раҳмат. Доимо соғ-омон бўлинг, умрингиздан барака топинг, қадрдонларим!
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти