Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан биргаликда Россиядан Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга табиий газ етказиб берилишига старт берди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Телекўприк тарзида ўтган маросимда давлатимиз раҳбари энергетика соҳасидаги уч томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқадиган ушбу воқеанинг тарихий аҳамиятини қайд этди.
Ўзбекистон Президенти Қозоғистон ва Россия етакчиларига ушбу лойиҳанинг рўёбга чиқарилишини шахсан қўллаб-қувватлаганлари учун миннатдорлик билдирди. Газ етказиб беришни жуда қисқа муддатда ташкил этиш, магистрал газ қувури қисмларини реконструкция қилиш, компрессор станцияларини модернизация қилиш ва янги “Бейнов” газ-ўлчов станциясини қуриш ишларида иштирок этган мутахассисларга алоҳида раҳмат айтди.
Россия газини “реверс” тарзда импорт қилиш бошланаётгани Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга экани таъкидланди. Ушбу лойиҳа мамлакатимиз энергетик хавфсизлигини таъминлаш, “мовий ёқилғи”ни кафолатли етказиб бериш манбаларини диверсификация қилиш йўлида олдинга ташланган катта қадам, истеъмолдаги мавсумий номутаносибликни қоплаш, аҳолини газ ва электр энергияси билан ишончли ва узлуксиз таъминлаш учун энергия ресурсларининг қўшимча ҳажмлари демак.
Ушбу йирик лойиҳанинг рўёбга чиқарилиш ва унинг натижалари уч мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерациясига расмий ташрифини якунлади ва Тошкентга жўнаб кетди.
Аэропортда олий мартабали меҳмонни Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.