МСК Матбуот маркази 2021 йил 25 октябрь соат: 16:00
Азиз Ватандошлар!
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Хонимлар ва жаноблар!
Кеча, 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови халқаро мезонлар ва стандартларга мос миллий сайлов қонунчилигимизга, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик, эркинлик ва адолат каби умумэътироф этилган демократик принципларга тўла мос ҳолда, кўтаринки руҳда ўтказилди.
Бугун халқчил ва демократик тамойилларга асосланган Янги Ўзбекистон ўтмиш аждодларининг тарихий анъаналарини давом эттириб ва янада бойитиб, ҳар томонлама муттасил ривожланаётган замонавий давлат сифатида бутун дунёнинг эътиборини тортмоқда.
Куни кеча ўтган Президент сайлови халқимиз юксак тафаккури ва донишмандлигининг ёрқин ифодаси бўлди.
Ушбу сайлов Янги Ўзбекистонда барча соҳаларда, жумладан, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-маърифий йўналишларда амалга оширилаётган изчил ва жадал ислоҳотларнинг узвий давомидир.
Бешта сиёсий партия ва уларнинг номзодлари ўртасида реал рақобат муҳитида ўтган Президент сайлови Ўзбекистонда эркинлик ва демократия амалда мустаҳкамланиб бораётганининг ёрқин намойишидир!
Сўнгги беш йил мобайнида мамлакатимиз миллий сайлов қонунчилигида жиддий ўзгаришлар юз берди. Нуфузли халқаро экспертлар таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш ҳамда сайловларни ўтказиш амалиёти сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилди.
Бу галги Президент сайлови илк бор 2019 йилда қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтди.
Сайлов қонунчилигига жорий йилнинг 8 февраль ва 31 май кунлари киритилган ўзгартишлар ва қўшимчаларга биноан, энг аввало, сайлов жараёни иштирокчилари, яъни сайловчилар, сиёсий партиялар, сайлов комиссиялари, оммавий ахорот воситалари ҳамда кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизими янада такомиллаштирилди.
Барча даражадаги сайлов комиссиялари ўз ишини Сайлов кодекси талаблари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури ҳамда Календарь режасига биноан, қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига тўла амал қилган ҳолда ташкил этди.
Сиёсий партиялар ва Президентликка номзодлар учун сайлов кампанияси даврида сайловолди ташвиқоти учун тенг ва кенг имкониятлар яратилди.
Сайлов участкаларида пандемия шароитида аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, сайловчилар ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратилди.
Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, айни куз фасли бўлишига қарамай, сайлов куни она Ўзбекистонимизнинг барча ҳудудларида, Яратганнинг инояти билан, майин кўклам қуёшининг чарақлаб тургани ҳам сайловчиларимизга баҳорий кайфият, кўтаринки руҳ ва улкан ишонч бағишлади. Фуқароларнинг сайловда фаол ва эркин овоз беришида муҳим омил бўлди.
Айни пайтда, сайловчиларнинг бу фаоллиги жорий йилда миллий сайлов қонунчилигимизга халқимиз билан бамаслаҳат киритилган ўзгартиришларга биноан сайлов кунининг қорли-қировли совуқ декабридан мутадил октябрь ойига кўчирилиши ғоят тўғри иш бўлганлигининг амалдаги яна бир далолатидир.
Президент сайловини нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотнинг Парламент Ассамблеяси ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Туркий тиллий давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Туркий кенгаш Парламент Ассамблеяси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби йигирмага яқин халқаро ташкилотлардан ва элликка яқин хорижий давлатлардан жами мингга яқин халқаро кузатувчи ҳамда 1 минг 672 нафар маҳаллий ва хорижий мамлакатларнинг йирик оммавий ахборот воситаларининг вакиллари бевосита кузатиб ва ёритиб борди.
Халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситаларининг бундай кенг кўламли иштироки Ўзбекистонда ўтган сайловлар тарихидаги рекорд кўрсаткичдир.
Шунингдек, сайловда иштирок этган бешта сиёсий партиялардан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 64 минг 450 нафар вакиллар сайловни бевосита кузатиб борди.
Ўзингиз гувоҳ бўлдингиз, биринчи марта мамлакатимизнинг туман ва шаҳарларидаги 207 та сайлов участкаларига ўрнатилган 414 та видеокамералар орқали узатилган онлайн трансляцияни миллионлаб одамлар кузатиб борди.
Шунингдек, минглаб сайлов участкаларидан журналистлар томонидан теле- ва радио, фото репортажлар, интервьюлар ва хабарлар мунтазам узатиб турилди. Интернетдаги ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар орқали бутун дунёга намойиш қилинди.
Сайлов кампанияси даврида Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази ва унинг вилоятлардаги бўлимларида сайлов жараёнининг барча иштирокчилари учун кенг медиа-майдон яратилди. Уларда юзлаб матбуот анжуманлари, брифинглар, интервьюлар, учрашувлар ўтказилди.
Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раҳбарлари, Олий суди раиси, Бош прокурори, Ички ишлар, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлари, округ сайлов комиссиялари раисларининг ахборотлари тингланди.
Сайлов кампаниясига старт берилган кундан буён хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида жами 76 мингдан ортиқ материаллар эълон қилинди.
Ҳурматли матбуот анжумани қатнашчилари!
Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури қабул қилингани ва изчиллик билан амалга оширилгани сайловларни қонун талаблари асосида, юксак ташкилий даражада ўтказишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.
Бу йилги Президент сайловининг ўзига хос жиҳатларидан яна бири – бу сайловчиларимизнинг фуқаролик масъулияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларга дахлдорлик туйғусининг янада ошганлиги билан боғлиқ.
Сайлов Ўзбекистон халқининг юксалиб бораётган сиёсий тафаккурини, ижтимоий фаоллиги ва маданий савиясини яна бир бор яққол намоён этди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 158 минг 907 нафар сайловчилардан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида чет элларда овоз берган ватандошларимиз билан бирга ҳисоблаганда 16 миллион 212 минг 343 нафар сайловчи иштирок этди. Бу сайловчилар умумий сонининг 80,4 фоизидан иборатдир.
421 минг 176 нафар сайловчи жорий йилнинг 14 октябрдан 20 октябргача ўтказилган муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди.
Сайловда консуллик рўйхатида турган турмаганлигидан қатъи назар хорижда истиқомат қилаётган барча ватандошларимиз учун 37 та давлатда ташкил этилган 54 та сайлов участкасида овоз бериш имконияти яратилди. Авваллари фақат консуллик ваколатхоналаридан расман рўйхатдан ўтган Ўзбекистон фуқароларигина сайловларда қатнашарди.
Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов ўтказувчи сайлов участкаларининг барчасида сайлов бюллетенлари санаб чиқилди.
Сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодлар сайловчиларнинг қуйидаги миқдордаги овозини олди:
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов – 3,4 фоиз;
Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Нарзулло Наимович Обломурадов – 4,1 фоиз;
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Алишер Келдиевич Қодиров – 5,5 фоиз;
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Максуда Азизовна Варисова – 6,6 фоиз;
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев – 80,1 фоиз;
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига кўра, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини, яъни 50 фоиздан ортиқ овоз олган номзод Президент этиб сайланган, деб ҳисобланади.
Ушбу маълумотларга таяниб, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловчиларнинг энг кўп – 80,1 фоиз овозини олиб, ишончли ғалаба қозонганини ва Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганини мамнуният билан маълум қиламиз.
Марказий сайлов комиссияси номидан Шавкат Миромоновични бу ёрқин ғалаба билан самимий муборакбод этишга ижозат этгайсизлар!
Халқнинг ишончини, меҳрини қозониш инсон учун энг олий саодатдир!
Биз Шавкат Миромоновични энг олий мартаба ва ана шундай олий саодатга мушарраф бўлгани билан чин дилдан яна бир бор қутлаймиз!
Президентликка ўтказилган сайлов бўйича сайловга доир қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилганлиги ҳолатлари ҳақида хабар ва маълумотлар тушмади. Лекин, Марказий сайлов комиссиясига сайловчилар ва ижтимоий тармоқлардан сайловларни ўтказиш жараёнига доир ҳолатлар бўйича муайян мурожаатлар келиб тушди.
Уларнинг барчасини қонунда кўрсатилган муддат ва тартибларда кўриб чиқиш ва ҳал этиш юзасидан тегишли
чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Ҳозирги вақтда Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссиялари томонидан тақдим этилган баённомалар ҳамда бошқа ҳужжатларни кўриб чиқмоқда.
Марказий сайлов комиссияси фақат шундан сўнг Президент сайлови якунлари тўғрисида қарор қабул қилади.
Сўзимнинг охирида халқимизни тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва реал рақобат муҳитида ўтган демократик сайловда ўз Лидерини эркин сайлагани билан яна бир бор табриклар эканман, дунёдаги энг осойишта, энг барқарор ва энг гуркираб ривожланаётган мамлакатлардан бири сифатида тан олинган Янги Ўзбекистонимизга ҳеч қачон кўз тегмасин, дейман!
Президент сайловини очиқ, ошкора ва шаффоф ўтказишда кўрсатган фаоллиги учун барча оммавий ахборот воситалари вакилларига яна бир самимий миннатдорлик билдираман!
Эътиборингиз учун раҳмат!