Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини якунлаётган Америка Қўшма Штатларининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратленни қабул қилди, дея хабар берилади prezident. uz сайтида.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, АҚШ элчиси кўп қиррали ва ўзаро манфаатли Ўзбекистон – АҚШ алоқаларини изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшганини таъкидлади.
Олий даражадаги мулоқотлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил май ойида Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифининг самарали натижалари мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларининг янги даври учун мустаҳкам замин яратгани қайд этилди.
Томонларни қизиқтирган барча масалалар бўйича конструктив сиёсий мулоқот йўлга қўйилди. Парламентлараро алоқалар фаоллашди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгаймоқда. Фан, таълим ва маданият соҳаларида, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорлик ривожланмоқда.
АҚШ элчиси давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирди. Америка Қўшма Штатлари икки томонлама муносабатларни изчил ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратаётгани, унинг мамлакатимиз билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилиши қатъий экани қайд этилди.
Учрашув якунида мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун АҚШнинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.