Ўзбекистон Республикаси Президенти АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасида алоҳида топшириқлар бўйича элчисини қабул қилди

0
130
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасида алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Самуэль Браунбэкни қабул қилди, дея хабар берилади prezident. uz сайтида. 

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон Республикаси билан Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Жорий йил май ойида Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган, Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклигида янги даврни бошлаб берган олий даражадаги музокаралар натижалари юксак баҳоланди.

Ўзбекистон инсон салоҳиятини ривожлантириш, шу жумладан, диний эркинлик ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги конструктив мулоқотга муҳим аҳамият қаратаётгани қайд этилди. Президентимиз Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги сиёсати барча конфессия вакиллари учун тенг шароитлар яратишга асосланганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида диний-маърифий соҳадаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш борасида аниқ чоралар кўрилди.

Бағрикенглик, меҳр-оқибат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, билимга интилиш каби халқимиз менталитетининг маънавий-аҳлоқий асосларини сақлаш ва бойитиш, динга алоқадор маданий меросни асраб-авайлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон ислом академияси, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий тадқиқот маркази ташкил этилди.

Ўзбекистон барчанинг таълим олишига кенг имконият яратиш, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, виждон ва дин эркинлиги ҳамда эътиқод қилувчиларнинг бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли БМТ Бош ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Самуэль Браунбэк самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, АҚШ Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли ўзгаришларни юқори баҳолаши ва қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Мамлакатимиз диний эркинлик ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда катта муваффақиятларга эришгани алоҳида қайд этилди.

Томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали, хусусан, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш, бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр экани билдирилди

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.