Ўзбекистон Республикаси Президенти МДҲ давлатлари мудофаа идоралари раҳбарлари билан учрашди

0
94
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Мудофаа вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган МДҲга аъзо давлатлар мудофаа идоралари раҳбарларини қабул қилди.

Учрашувда Озарбайжон мудофаа вазири З.Гасанов, Арманистон мудофаа вазири Д.Тоноян, Беларусь мудофаа вазири А.Равков, Қозоғистон мудофаа вазири Е.Ермекбаев, Россия мудофаа вазири С.Шойгу, Тожикистон мудофаа вазири Ш.Мирзо, Қирғизистон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Р.Дуйшенбиев ва МДҲ Мудофаа вазирлари кенгаши котиби Ю.Дашкин иштирок этди.

Президентимиз делегациялар раҳбарларини қутлар экан, МДҲ Мудофаа вазирлари кенгашининг мажлиси илк бор Тошкентда ўтказилаётгани мамлакатимизнинг Ҳамдўстлик фаолиятидаги иштироки янги босқичга кўтарилганидан далолат эканини мамнуният билан таъкидлади.

Ўтган йили Ўзбекистон Ҳамдўстликнинг иқтисодиёт, энергетика, фан ва инновациялар, жиноятчиликка қарши курашиш каби соҳаларда ҳамкорлик бўйича 10 дан ортиқ тармоқ органларига қўшилди.

Учрашувда МДҲ доирасида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни,  жумладан, идоралараро шерикликни янада кенгайтириш, икки ва кўп томонлама тадбирлар ўтказиш, профессионал ҳарбий кадрларни  тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди.

Халқаро ва минтақавий сиёсат, хусусан, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

МДҲ мамлакатлари мудофаа идоралари раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ўз давлат раҳбарларининг саломи ва эзгу тилакларини етказди. Ўзбекистон Қуролли Кучларини модернизация қилиш ва мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, мамлакатимизнинг минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга доир ташаббусларига юксак баҳо берилди.

Мудофаа идоралари ўртасида томонларни қизиқтираётган масалалар бўйича конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлик билдирилди.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари МДҲ Мудофаа вазирлари кенгаши мажлиси ишига муваффақият ва самарали натижалар тилади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.