Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 май куни ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия ҳамраиси Асқар Маминни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон-Қозоғистон ҳукуматлараро комиссияси самарали фаолият кўрсатаётгани ва амалий натижалар бераётганини мамнуният билан қайд этди.
Икки давлат Бош вазирларининг биринчи ўринбосарлари раислик қилаётган комиссия бугунги кунгача 17 мажлис ўтказди, жумладан, охирги мажлис жорий йилнинг март ойида Остонада бўлиб ўтди. 4 май куни Тошкентда комиссия ҳамраислари амалий музокаралар ўтказди.
Учрашувда Президентимиз савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, истиқболли лойиҳа ва дастурларни биргаликда амалга ошириш муҳим эканини таъкидлади.
Ўз навбатида, Асқар Мамин давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдириб, Қозоғистон олий даражада эришилган келишувларнинг сўзсиз ва ўз вақтида ижросини таъминлаш мақсадида қардош мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли шерикликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканини қайд этди.