Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисийнинг таклифига биноан 18 июнь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатнинг Теҳрон шаҳрига келди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
“Меҳробод” халқаро аэропортида Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи муносабати билан икки давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди. Олий мартабали меҳмонни Эрон саноат, кончилик ва савдо вазири Аббос Алиободий ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Теҳрондаги “Саадобод” мажмуасининг “Жумҳури” саройида Эрон Ислом Республикасига расмий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбарини Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий кутиб олди.
Сарой олдидаги майдонда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Эроннинг давлат байроқлари кўтарилди. Ҳарбий оркестр икки мамлакат мадҳияларини ижро этди. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Биргаликда суратга тушиш маросимидан сўнг етакчиларнинг тор доирадаги учрашуви бошланди. Ташриф доирасида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
Бўлажак олий даражадаги музокараларда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ва устувор йўналишлардаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилади. Минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилади.