Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 20-21 октябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ташриф дастурига мувофиқ, икки томонлама ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади.
Асосий эътибор Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янги босқичда янада мустаҳкамлаш, саноат, энергетика ва кимё тармоқларида, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида кооперацияни кенгайтириш, фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалаларига қаратилади.
Саммит якунида ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.
Шунингдек, ташриф давомида Ашхобод шаҳрида “Тошкент” боғини очиш ва Чегараолди савдо марказини қуриш бўйича лойиҳани биргаликда бошлаб бериш режалаштирилган.