Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарлари саммитидаги нутқи

0
163
марта кўрилган.

Ҳурматли Раис Си Цзиньпин жаноблари!

Муҳтарам ҳамкасблар, азиз дўстлар!

Сизларни самимий қутлайман ҳамда Хитой Халқ Республикаси ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан билдирилган табрикларга қўшиламан.

Си Цзиньпин жанобларига учрашувимиз ташкил этилгани учун алоҳида миннатдорлик билдираман.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Ўтган 30 йилда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик муносабатлар жадал ва барқарор тус олди.

Ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш мақсадида эътиборни қуйидаги устувор йўналишларга қаратиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Биринчи. Ипак йўлининг Иқтисодий маконини барпо этиш борасидаги ташаббуснинг муҳим вазифаси савдо ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистоннинг Хитой билан товар айирбошлаши 30 йилда 140 карра кўпайди. Хитойнинг иқтисодиётимизга инвестициялари ҳажми 2017 йилдан буён беш баробар ортди.

Шу билан бирга, ушбу кўрсаткичлар мавжуд улкан салоҳиятни тўлиқ акс эттирмаяпти.

Бугун Хитой – бу нафақат “глобал фабрика”, балки “глобал бозор” ҳамдир.

Биз Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой иқтисодиётларининг бир-бирини тўлдириб турувчи устунликларини ҳисобга олган ҳолда ушбу имкониятлардан максимал даражада фойдаланишдан манфаатдормиз.

Марказий Осиё мамлакатларидан Хитойга тўсиқларсиз савдони таъминлаш ва тайёр маҳсулотлар етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича манзилли чоралар кўриш, Хитой технологияларини жалб қилган ҳолда минтақа мамлакатлари импорт қилаётган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун умумий саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш маконини шакллантириш кўзда тутилган Янги “Хитой – Марказий Осиё” иқтисодий мулоқоти қўшма стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Иккинчи. Транспорт инфратузилмаси Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожининг драйверидир.

“Хитой – Марказий Осиё” йўналиши бўйлаб етказиб беришда пандемия оқибатида келиб чиққан логистик узилишлар мамлакатларимизнинг кўплаб тармоқларини зарур ускуналар ва хомашёсиз қолдирди.

Бу ҳолат устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муддатлари ва сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан юк оқимининг узлуксизлигини таъминлаш ва трансминтақавий логистика тармоқларини ривожлантириш учун тизимли ечимлар ишлаб чиқишни фавқулодда муҳим деб ҳисоблаймиз.

Шу билан бир қаторда, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳасини амалий рўёбга чиқаришга жорий йилдаёқ киришиш муҳим.

Ушбу масалаларни тезкор ҳал қилиш мақсадида Марказий Осиё ва Хитой мамлакатлари ҳукумат раҳбарларининг ўринбосарлари даражасида Мувофиқлаштирувчи қўмита тузишни таклиф этамиз.

Учинчи. Пандемиядан кейинги тикланиш ва тўртинчи саноат инқилобига жадал ўтиш шароитида рақамли технологияларни кенг қўллашнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Хитойнинг бу соҳада тўпланган тажрибасини ҳисобга олиб, рақамли иқтисодиёт ва савдони ривожлантириш, электрон ҳукумат, блокчейн ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш соҳасидаги ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантиришни таклиф этамиз.

Ушбу йўналишда амалий натижаларга эришиш мақсадида мамлакатларимиз IT парклари негизида қўшма “Интеллектуал Ипак йўли” платформасини яратишни таклиф қиламиз.

Тўртинчи. Жамоат саломатлигини сақлаш ва юқумли касалликларга қарши курашиш борасида мамлакатларимиз ҳамкорлигини мустаҳкамлашни муҳим деб ҳисоблаймиз.

Жуда қисқа муддатда коронавирусга қарши Ўзбекистон-Хитой вакцинасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, ушбу вакцинанинг ўн етти миллионта дозаси тайёрлангани диққатга сазовор.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизга, ҳурматли Си Цзиньпин жаноблари, Хитой Ҳукумати ва халқига коронавирус инфекциясига қарши курашда Ўзбекистонга беқиёс ёрдам кўрсатгани учун миннатдорлик билдираман.

Фармацевтика, анъанавий тиббиёт, врачлар малакасини ошириш ва соҳа шифохоналари ўртасидаги шериклик борасидаги ҳамкорлигимизни кенгайтиришга тайёрмиз.

Умид қиламизки, тез фурсатда вакцинация паспортларини ўзаро тан олиш юзасидан келишувларга эришамиз.

Бешинчи. Биз камбағалликни қисқартириш борасида изчил чора-тадбирларни амалга оширишга аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти сифатида қараймиз.

Хитойнинг мутлақ камбағаллик устидан қозонган тарихий ғалабасини юксак баҳолаймиз.

Хитой тажрибасини қўллаган ҳолда Ўзбекистонда камбағалликка қарши кураш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар бизга ҳатто пандемия шароитида ярим миллондан зиёд оилаларни кам таъминланганлар тоифасидан чиқариш имконини берди.

2026 йилга бориб камбағаллик даражасини икки баробар камайтиришни мақсад қилганмиз.

Бу мақсадга эришиш учун аграр тармоқни модернизация қилиш, шўрланган ва шўрхок ерларда экинлар етиштириш, шаҳар ва қишлоқ ўртасида ишлаб чиқариш занжирларини йўлга қўйишда Хитой билан ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз.

Олтинчи. Пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида яқин ҳамкорлик масалалари ўткир заруратга айланмоқда.

Мазкур вазифа ечимига аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан тез ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш бўйича аввалдан қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш орқалигина  эришиш мумкин.

Шу маънода, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича алоҳида резолюция қабул қилиниши тўғрисидаги ташаббусни биргаликда илгари суришни таклиф этамиз.

Ушбу ҳужжатда озиқ-овқат тармоғига инвестицияларни кўпайтириш ва “яшил йўлаклар” яратган ҳолда ўзаро етказиб беришнинг самарали механизмларини шакллантириш масалалари ҳисобга олиниши муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Еттинчи. “Иқлим” кун тартибини ва “экологик тоза ривожланиш”ни биргаликда илгари суриш ҳамкорлигимизнинг долзарб йўналишидир.

2026 йилга қадар Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия генерацияси улушини 25 фоизга етказиш, 2030 йилгача эса парник газларини чиқаришни 35 фоизга қисқартиришни режалаштирмоқдамиз.

“Яшил Ипак йўли” ташаббуси доирасида муқобил энергетика, қуёш ва шамол электр станциялари учун бутловчи қисмлар ва ускуналарни маҳаллийлаштириш, тармоқ учун кадрлар тайёрлаш соҳаларига Хитой инвестициялари ва технологияларини жалб қилиш бўйича ҳамкорлик “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Саккизинчи. Маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш халқларимизнинг янада яқинлашишига хизмат қилади.

Маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш борасида Сизнинг, ҳурматли Си Цзиньпин жаноблари, ташаббусингиз ривожи сифатида келгуси йилни “Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили” деб эълон қилишни таклиф қиламиз.

Ёшлар давлатларимиз аҳолисининг ярмини ташкил этишини ҳисобга олиб, академик ва талабалар алмашинувларига, ёшлар фестиваллари, форумлари ва спорт мусобақаларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш муҳимдир.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Рақобат кучайиб бораётган ва жаҳоннинг турли нуқталарида можаролар давом этаётган шароитда минтақавий хавфсизликни таъминлаш, шу жумладан “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасида янада яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.

Қозоғистон халқининг донишмандлиги ва Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаевнинг қатъий ҳаракатлари туфайли мамлакатдаги вазият нормаллашгани бизни қувонтиради.

Хавфсизлик – бўлинмас, Қозоғистонда тинчлик – бутун минтақамиздаги барқарорлик гаровидир.

Афғонистондаги вазиятнинг барқарорлашуви ва ушбу мамлакатда гуманитар инқироз кучайишининг олдини олиш  устувор масалаларимиз қаторига киради.

“Хавфсиз Ипак йўли” концепциясини амалга ошириш йўлида Афғонистон йўналишидаги саъй-ҳаракатларимизни мувофиқлаштиришни давом эттириш муҳимдир.

Биз хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда Афғонистонда инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишдан ҳам манфаатдормиз.

Ҳурматли учрашув иштирокчилари!

Ҳамкасбларим томонидан билдирилган барча ташаббус ва таклифларни, шунингдек, бугунги саммит якунлари бўйича Қўшма баёнотни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.

Ушбу ҳужжатда кўп қиррали шериклигимизни янада мустаҳкамлашнинг муҳим масалаларига доир умумий ёндашувлар ўз аксини топган.

Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш бўйича ишлаб чиқилган режани биргаликда амалга оширишга тайёрмиз.

Сўзимнинг якунида бугунги учрашув ташкил этилгани учун Сизга, Си Цизньпин жаноблари, яна бир бор самимий миннатдорлик билдираман ҳамда Сизни ва бутун Хитой халқини яқинлашиб келаётган Баҳор байрами – Чуньцзе билан муборакбод этаман.

Хитойлик дўстларимизга Пекиндаги қишки Олимпия ўйинлари муваффақиятли ўтказилишини тилаймиз.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.