Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишидаги нутқи

0
132
марта кўрилган.

Ҳурматли Садир Нургожоевич!

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишининг барча иштирокчиларини қутлашдан мамнунман.

Ҳамкасбларимнинг сўзларига қўшилган ҳолда, ҳурматли Садир Нургожоевичга ушбу учрашувимизни ташкил этгани учун миннатдорлик билдирмоқчиман.

Қирғизистоннинг ЕОИИдаги фаол раислиги мамлакатларимизнинг Евроосиё бирлашмаси доирасидаги кўп қиррали ҳамкорлигини кенгайтиришга хизмат қилишига ишонаман.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Ўзбекистон кузатувчи давлат сифатида Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан шериклик муносабатларини ривожлантиришни давом эттирмоқда. Бу биз учун жуда муҳим йўналиш, чунки ЕОИИ мамлакатлари табиий ҳамкорларимиздир.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан пандемиянинг салбий оқибатларини юмшатиш ва мамлакатларимизнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлигида ижобий суръатни таъминлашга муваффақ бўлганимиз бизни қувонтиради.

Хусусан, Ўзбекистоннинг бирлашмага аъзо давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми ўтган йил якунларига кўра 30 фоизга, жорий йилнинг биринчи тўрт ойида эса яна 33 фоизга ошди.

ЕОИИ мамлакатларидан жалб қилинаётган инвестициялар йилига қарийб 25 фоизга кўпаймоқда.

Шу билан бир қаторда, дунёда рўй бераётган шиддатли ўзгаришлар ва инқирозли ҳодисалар мамлакатларимиз барқарорлиги учун жиддий хатардир.

Глобаллашув даври янги жаҳон тартиботи шаклланиши босқичига ўтмоқда.

Илгари кузатилмаган миқёсдаги чеклов чоралари киритилаётгани, маҳсулотлар етказиб беришнинг логистик занжирлари ва кооперация алоқалари узилаётгани, хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари ўсаётгани, ижтимоий кескинлик кучайиб бораётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Юзага келган вазиятда умумий саъй-ҳаракатлар билан биргаликдаги чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш, ноодатий ечимлар топиш ва ҳамкорликнинг ностандарт механизмларидан фойдаланишни муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Бугун савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай шароитларни шакллантириш вазифаси ҳар қачонгидан долзарб аҳамиятга эга.

Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдода техник тўсиқларни бартараф этишни давом эттириш ва сертификатлаштиришни тан олиш товарларнинг бозорларимизга кириб боришини анча соддалаштириш имконини беради.

Шу маънода, озиқ-овқат ва хомашёни четга чиқариш бўйича чекловлар Ўзбекистонга нисбатан татбиқ этилмаслиги масаласида бизни қўллаб-қувватлашларига ният қиламиз.

Шунингдек, биргаликда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш орқали агросаноат кооперациясини кенгайтиришни муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Ушбу ишлар натижадорлигини ошириш учун Агрокооперация дастурини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Ушбу дастур бозорларимизни кафолатли тўлдириш мақсадида ЕОИИ мамлакатларида дон ва мойли экинларни биргаликда етиштириш ҳамда мева-сабзавот экинларини, шу жумладан, уларнинг эртапишар навларини Ўзбекистонда етиштириш масалаларини қамраб олиши мумкин. Айни пайтда дастурни амалга ошириш учун, биринчи навбатда, мамлакатларимиз ҳудудларининг салоҳиятини ишга солиш мақсадга мувофиқ.

Янги хавф-хатарлар муқобил транспорт йўлакларини янада ривожлантириш, Жануб ва Шарқ йўналишларида транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлашни тақозо этмоқда.

Энг яқин вақтда Осиё-Тинч океани минтақаси бозорларига чиқиш учун қўшимча имкониятлар яратадиган “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўлини қуриш лойиҳасини амалий рўёбга чиқаришга киришишни режалаштирмоқдамиз. Ушбу йўл “Шарқ – Ғарб” йўналишида мавжуд темир йўл магистралларининг имкониятларини кенгайтиради.

Шу билан бир қаторда биз Жанубий Осиёга ва унинг 2 миллиард истеъмолчига эга бозорига чиқиш учун энг қисқа йўлни таъминлайдиган Термиздан Покистоннинг Пешоваригача трансафғон темир йўлини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш борасида ЕОИИдаги шерикларимиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Бундан ташқари, мамлакатларимизнинг инновацион салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш ҳамда саноат кооперациясининг янги шаклларини, энг аввало, юқори технологиялар соҳасида ривожлантириш тарафдоримиз.

Тошкент шаҳрида «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмаси ўтказилгани бу борада биринчи амалий қадам бўлди. Унинг ишида бирлашма мамлакатларининг мингдан зиёд компанияси иштирок этди. Биз ушбу муҳим майдонни янада кенгайтириш ниятидамиз.

Шу мақсадда, энг аввало, кимё, фармацевтика, машинасозлик, ускунасозлик, электроника соҳаларида кооперация алоқаларини рағбатлантириш ва маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш бўйича қўшма “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Бунда янги компетенцияларни шакллантираётган илмий-тадқиқот институтлари ва технологик марказлар имкониятларини ишга солиш муҳим.

Мамлакатларимизда меҳнат миграцияси ва мутахассислар ҳаракати билан боғлиқ масалалар долзарблиги ортмоқда.

ЕОИИга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар иқтисодиётларининг тез ўзгариб бораётган эҳтиёжларига мувофиқ меҳнат ресурсларини самарали жалб қилиш имконини берадиган зарур ҳужжатларни қабул қилиш ва соддалаштирилган тартиб-таомилларни қабул қилишни таклиф этамиз.

Пандемия оқибатларини енгиб ўтиш шароитида туризм соҳаси иқтисодий тараққиётнинг табиий драйверига айланиши мумкин. Йил бошидан буён Ўзбекистонга, биринчи навбатда ЕОИИ мамлакатларидан туристлар оқими сезиларли ўсаётганини кузатмоқдамиз.

Жорий йил кузида Ўзбекистонда етакчи компанияларимиз иштирокида Туризм индустриясини ривожлантириш форумини ўтказишни таклиф этамиз.

Мамлакатларимиз ўртасидаги йўловчи транспорти қатновини тўлиқ ҳажмда тиклаш масаласини ишлаб чиқиш ҳам муҳимдир.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Сўзимнинг якунида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантиришга интилиши қатъий эканини яна бир бор тасдиқламоқчиман.

Бугунги учрашув натижалари кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлаш, мамлакатларимизда барқарор иқтисодий ривожланиш ва фаровонликни юксалтиришга хизмат қилишига ишонаман.

Эътиборларингиз учун раҳмат.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.