Ўқитувчи ва мураббийлар – янги Ўзбекистонни барпо этишда катта куч, таянч ва суянчимиздир
Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Қадрли муаллимлар!
Муҳтарам устозлар!
Бугун сиз, азизлар билан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни – умумхалқ байрами арафасида учрашиб турганимдан бахтиёрман.
Фурсатдан фойдаланиб, сизларни, жойлардаги студияларда ўтирган фидойи устозларимизни, “ойнаи жаҳон” орқали бугунги тантанали маросимни кўриб турган барча юртдошларимни ушбу қутлуғ айём билан самимий муборакбод этаман.
Биз ҳар биримиз ҳаётда қандай муваффақият ва натижаларга эришган бўлсак, бу ютуқларда сизларнинг беқиёс ҳиссангиз борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз. Шу боис, мана шундай қувончли кунда барча шогирдларингиз, бутун халқимиз номидан сизларга юксак ҳурмат-эҳтиромимиз, эзгу тилакларимизни билдириб, чин дилдан таъзим қиламиз.
Улуғ шоиримиз мавлоно Фурқат илм-маърифатни кўнгилларнинг сурури, кўрар кўзларнинг нури, деб таърифлаганини ҳаммамиз яхши биламиз.
Дарҳақиқат, миллионлаб фарзандларимиз қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялаётган заҳматкаш ва олижаноб устозларимизга ҳар қанча таҳсинлар айтсак, арзийди.
Мен бугун билдирадиган фикрларни, аввало, ҳурматли муаллим ва ўқитувчиларга, қадрли тарбиячиларга, барча жонкуяр зиёлиларимизга йўлланган мурожаат сифатида қабул қилишингизни истардим.
Азиз дўстлар!
Хабарингиз бор, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқимда мен бошқа кўпгина муҳим масалалар қаторида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни қабул қилишга оид Ўзбекистон ташаббусига яна бир бор жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратдим.
Ёшлар ҳуқуқи деганда, биз, биринчи навбатда, уларнинг тинч ва соғлом яшаш ҳамда таълим олишга бўлган тўлақонли ҳуқуқини тушунамиз. Шу боис, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг баркамол бўлиб вояга етиши, сифатли ва мукаммал таълим олишини таъминлаш биз учун ҳамиша устувор вазифа ҳисобланади.
Бутун дунё давлатлари қатори Ўзбекистон ҳам коронавирус пандемиясини бошидан кечираётган ҳозирги мураккаб даврда мамлакатимиз таълим тизими ҳам жиддий синовга дуч келди. Бугунги қийин шароитга қарамасдан, давлатимиз томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар ва сизларнинг фидокорона меҳнатингиз билан бу борадаги ишларимиз изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, қисқа муддат ичида юртимизда “онлайн мактаб” лойиҳаси ва масофавий таълим жорий этилди.
Яқинда республикамизнинг аксарият мактабларида, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, янги ўқув йили бошланди. Эзгу анъанамизга мувофиқ, қарийб 650 минг нафар 1-синф ўқувчисига Президент совғалари сифатида 72 миллиард сўмлик ўқув қуроллари топширилди. Шунингдек, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари ва ногиронлиги бўлган болаларга қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуролларидан иборат 426 миллиард сўмлик моддий кўмак берилгани ҳам ана шундай эзгу ишларимиз қаторига киради.
Айни вақтда, бугунги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, ўқувчи ва педагогларнинг саломатлигини асраш масаласи барчамизнинг алоҳида эътиборимиз марказида турибди. Шу мақсадда мактабларни зарур тиббий ва антисептик воситалар билан таъминлаш учун Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 17 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Хабарингиз бор, бу йил 1,5 миллионга яқин ёшларимиз олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топширди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 40 фоизга кўп демакдир. Биз мана шундай оғир вазиятда тест синовларини очиқ стадионларда, эпидемиологик хавфсизлик талабларига қатъий амал қилган ҳолда, муваффақиятли ўтказишга эришдик.
Буюк давлат арбоби Индира Гандининг “Битта қиз болани ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз”, деган сўзларида катта ҳаётий ҳақиқат борлигини албатта, ҳаммамиз яхши тушунамиз. Шунинг учун жорий йилда қишлоқ жойларда яшаётган, кам таъминланган оилаларга мансуб қизларимиз олий ўқув юртларининг кундузги бўлимида давлат гранти асосида ўқишлари учун 940 та ўрин ажратдик.
Ўйлайманки, қизларимиз учун яратилган бундай қўшимча имконият яна юзлаб оилаларга билим ва маърифат нурини олиб киради. Бу, ўз навбатида, ёш қизларимизнинг келажакда жамият учун муносиб касб эгалари бўлиб камол топишига пухта замин яратади. Биз бу борадаги ишларимиз кўламини бундан кейин ҳам янада кўпайтириб борамиз.
Ҳурматли ватандошлар!
Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ.
Буюк юнон олими Аристотелнинг “Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади”, деган сўзлари бор.
Қаранг, бу фикрлар милоддан аввал айтилган. Демак, инсоният онгли ҳаёт кечира бошлаган даврдан буён таълим ва тарбия масаласи, доимо долзарб аҳамият касб этиб келмоқда.
Бир ўйлаб кўрайлик, дунёдаги ривожланган давлатлар қандай қилиб юксак тараққиёт ва турмуш фаровонлигига эришмоқда? Энг аввало, илм-фан ва таълимга қаратилган улкан эътибор туфайли эмасми?
Шунинг учун ҳам кейинги йилларда юртимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги Ўзбекистонни яратиш мақсадида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Бу борада ўнлаб муҳим фармон, қарор ва дастурлар қабул қилингани сизларга яхши маълум. Мана, куни кеча тасдиқланган “Таълим тўғрисида”ги қонун ушбу соҳа тараққиётида, ҳеч шубҳасиз, янги уфқларни очиб беради. Қонунга мувофиқ, таълим олишнинг масофавий, инклюзив шакллари жорий қилинди, таълим ташкилотларига хорижий муассасалар билан қўшма факультет ва ўқув марказлари ташкил қилишга рухсат этилди. Шунингдек, ўқитувчиларга муаллифлик дастури ва ўқитиш услубларини жорий этиш, замонавий педагогик шакллар, ўқитиш ва тарбия усулларини эркин танлаш ҳуқуқи берилди.
Биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик. Бу ҳақда гапирар эканмиз, аввало, учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз, бутун жамиятимиз чуқур англаб олиши керак.
Тарихга назар солсак, Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган она заминимиз азалдан юксак цивилизация ва маданият ўчоқларидан бири бўлганини кўрамиз. Халқимизнинг бой илмий-маданий мероси, тошга муҳрланган қадимий ёзувлар, бебаҳо меъморий обидалар, нодир қўлёзмалар, турли осори атиқалар давлатчилик тарихимизнинг уч минг йиллик теран илдизларидан далолат беради.
Мен юқорида Аристотелнинг фикрларини бежиз эсламадим. Ҳаммангизга яхши маълум, антик даврда Юнонистонда ёнган илм машъаласи тўққизинчи – ўн иккинчи асрларда Марказий Осиё ҳудудида қайта порлади. Бу даврда юртимиз ҳудудида биринчи Ренессанс юзага келди ва у бутун дунё тан оладиган машҳур даҳоларни етиштириб берди. Хусусан, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий сингари ўнлаб буюк алломаларимизнинг жаҳоншумул илмий-ижодий кашфиётлари умумбашарият тараққиёти ривожига беқиёс таъсир кўрсатди.
“Ислом маданиятининг олтин асри” деб эътироф этиладиган бу даврда она заминимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий каби улуғ уламолар бутун мусулмон оламининг фахру ифтихори ва чексиз ғурури ҳисобланади.
Ўн бешинчи асрда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом эттирган муҳташам салтанат, юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди.
Донишманд халқимиз ҳар икки Ренессанс даврида жаҳоннинг энг илғор, тараққий этган халқлари қаторида бўлгани барчамизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Бир ўйлаб кўрайлик, аждодларимиз бундай юксак чўққиларга қандай эришганлар? Улар, энг аввало, жаҳолатга қарши маърифат байроғини баланд кўтариб, ўз ақл-заковати ва салоҳиятини башарият яратган илм-фан ютуқларини чуқур ўрганиш ва бойитишга бағишлаганлар.
Тан олиш керакки, биз ана шундай бебаҳо меросга кўпинча фақат тарихий ёдгорликка қарагандай муносабатда бўлиб келмоқдамиз. Бундай тенгсиз бойликни амалий ҳаётимизга татбиқ этишда бепарволик ва эътиборсизликка йўл қўймоқдамиз. Ваҳоланки, бундай ноёб мерос камдан-кам халқларга насиб этган. Биргина Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти фондларида сақланаётган 100 мингдан ортиқ нодир қўлёзмаларга дунё аҳли ҳавас қилади. Биз бу ҳақиқатни ҳар томонлама теран англашимиз зарур.
Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак. Бунинг учун олим ва мутахассисларимиз, ҳурматли уламоларимиз бу маънавий хазинани бугунги авлодларга содда ва тушунарли, жозибали шаклларда етказиб беришлари зарур.
Шу муносабат билан Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Мусулмонлар идораси, Халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази буюк мутафаккирларимизнинг илмий-маърифий ва маданий меросини фундаментал асосда нашрга тайёрлаш, чоп этиш ва кенг оммага етказиш, шунингдек, уни ўрганиш методикасини ишлаб чиқиб, амалда қўллаш чора-тадбирларини кўрсин. Бу масалага Бош вазир ўринбосари Б.Мусаев масъул этиб белгиланади.
Яна бир масалага алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман: минг афсуски, ўн олтинчи асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Марказий Осиё заминида ички уруш ва низолар, ҳокимият учун кураш авж олди. Айирмачилик ва маҳаллийчилик кучайди, маърифат ўрнига жаҳолат илдиз отди. Натижада бир пайтлар гуллаб-яшнаган ўлкамизда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий инқироз юзага келди. Илм-фан ва тафаккур машъали сўна бошлади. Юртимизнинг ўн тўққизинчи асрга келиб қарамликка тушиб қолишида айни шундай салбий ҳолатлар асосий сабаб бўлгани ҳаммамизга яхши аён.
Кўпчилик зиёлилар қаторида мен ҳам бир фикрни ҳамиша катта армон билан ўйлайман: мамлакатимизда Учинчи Ренессансни йигирманчи асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди. Нега деганда, бу фидойи ва жонкуяр зотлар бутун умрларини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этдилар. Шу йўлда улар ўзларининг азиз жонларини ҳам қурбон қилдилар. Улар “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас” деган ҳадиси шарифни ҳаётий эътиқод деб билдилар. Миллий истиқлол, тараққиёт ва фаровонликка, аввало, маърифат орқали, дунёвий ва диний билим, замонавий илм-ҳунарларни чуқур эгаллаш орқали эришиш мумкин, деб ҳисобладилар.
Бу даврда Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Ибрат домла, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ашурали Зоҳирий, Ҳожи Муин ва бошқа яна юзлаб улуғ инсонлар миллий уйғониш ва миллатпарварлик ҳаракатининг олдинги сафларида турдилар. Улар янги усул мактаблари билан бир қаторда, одамларнинг дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартиришга қаратилган газета-журналлар, нашриёт ва кутубхоналар, театрлар ташкил этдилар.
Минг афсуски, жадид боболаримиз ўз олдига қўйган эзгу мақсадларни амалга оширишга мавжуд вазият, ижтимоий тузум йўл бермади. Маърифат фидойилари ўша даврнинг турли жоҳил кимсаларининг туҳмат-маломатларига дучор бўлдилар. Аввал чор ҳукумати, кейинчалик совет ҳукумати уларни аёвсиз қувғин ва қатағон қилди. Шу тариқа миллий уйғониш ва тараққиёт ҳаракати эл-юртимиз учун армон бўлиб қолди.
Ватанимиз озодлиги ва халқимиз бахт-саодати йўлида жонини фидо қилган жадидларнинг илмий-маърифий, адабий-бадиий мероси биз учун бугун ҳам беқиёс аҳамиятга эга.
Биргина мисолга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Бу йил таваллудининг 145 йиллиги нишонланаётган улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз вақтида биз учун икки эмас, тўрт тилни билиш зарур, деб бонг урган эди. Беҳбудий бобомизнинг ушбу даъвати ҳозир ҳам ғоят долзарб бўлиб турибди.
Қадрли муаллимлар, мен бугун Ўқитувчи ва мураббийлар байрами муносабати билан бир гуруҳ ватандошларимизни мукофотлаш тўғрисидаги Фармонни имзоладим. Ана шундай юртдошларимиз орасида Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидокорлик кўрсатиб, миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқиёс ҳисса қўшган Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланганини сизларга ва бутун элимизга мамнуният билан айтмоқчиман.
Ҳозирги вақтда мустабид тузум даврида сиёсий қатағон қурбони бўлган ота-боболаримизнинг ҳаёти ва фаолиятини, хусусан, жадидлар меросини янада чуқур ўрганиш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланмоқда.
Ҳурматли дўстлар!
“Оққан дарё – оқаверади”, дейди доно халқимиз. Бугун буюк аждодларимизнинг бебаҳо меросига таяниб, янги Ренессанс пойдеворини яратиш учун бизда барча имкониятлар мавжуд, дейишга тўла асосларимиз бор. Ҳамма гап ана шу имкониятлардан қай даражада оқилона фойдалана олишимизга боғлиқ.
Бу фикрларга бир мисол келтирмоқчиман.
Биласизлар, Қоракўл туманида ҳаммамизга маълум бир мактаб бор. Бу мактабни машҳур қилган фидойи муаллим Тўхтамурод Жумаев номини ҳам барчамиз яхши биламиз. Бу ажойиб педагог ўзининг тинимсиз изланиши, янги таълим методикаси билан оддий бир қишлоқ мактабини республика даражасидаги машҳур таълим даргоҳига айлантирди. Ҳолбуки, ушбу мактаб Бухоронинг олис чўл туманида жойлашган бўлиб, замонавий шароитга, қулай имкониятларга ҳам эга эмас эди.
Бугун ушбу мактаб битирувчиларининг 95 фоиздан ортиғи олий ўқув юртларига ўқишга киряпти. Халқаро олимпиадалардан энг кўп медаль олиб келаётганлар ҳам айнан шу мактабнинг ўқувчилари ҳисобланади. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, ҳатто пойтахт Тошкентдан ҳам одамлар ўз фарзандини Қоракўлга олиб бориб, ана шу мактабга ўқишга беряпти.
Биз бу таълим маскани эришаётган катта ютуқларни инобатга олиб, ўтган йили уни Халқаро математика мактабига айлантирдик.
Тўхтамурод домла ҳам, жадид боболаримиз каби, тинимсиз ва фидокорона меҳнат қилиб, ҳозирги даврнинг янги усул мактабини яратишга эришди.
Мана, бугунги кунимизнинг ҳақиқий маърифатпарвари, давримизнинг Авлонийси, Беҳбудий домласи, Мунавварқориси!
Бундай улкан натижага эришиш учун албатта ўзига хос ўқитиш тизими бўлиши керак. Айни вақтда бундай ютуқлар замирида инсоннинг ўз касбига, Ватанига меҳри ва садоқати, юксак масъулият туйғуси мужассам, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Мана шу мактабда Тўхтамурод ака бошчилигида ҳар бир ўқитувчи шогирдларини ўз боласидай кўрган, бу ерда чинакам ижодий мусобақа муҳити шаклланган ва бу ишлар бугун ўзининг муносиб натижасини бермоқда.
Моҳир педагог Тўхтамурод Жумаев таълим-тарбия соҳасида эришган улкан ютуқлари ва ибратли фаолияти учун Президент Фармонига асосан давлатимизнинг юксак мукофоти – “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирландилар.
Фурсатдан фойдаланиб, Тўхтамурод акани ва мукофотга сазовор бўлган барча ўқитувчи ва мураббийларимизни ўз номимдан, халқимиз номидан самимий муборакбод этаман.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари, шу ўринда савол туғилади: Қоракўл мактаби биз учун замонавий мактабнинг ҳақиқий андозаси эмасми? Нима учун Халқ таълими вазирлиги унинг ноёб тажрибасини етарлича оммалаштирмаяпти? Нима учун бошқа мактаб директорлари бу таълим даргоҳидан ибрат олмаяпти? Халқ таълими вазири Ш.Шерматов нега уч йилдан буён бу жиддий масалага етарлича эътибор бермаяпти?
Афсуски, ҳаммамиз “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ”, деб, бепарво бўлиб юрибмиз.
Нима учун бошқа вилоятларда, дейлик, Андижонда, Фарғона, Самарқанд, Хоразм ёки Қаршида, Жиззах ва Сирдарёда бундай мактаблар йўқ?
Ваҳоланки, бугунги кунда бизга мана шундай юзлаб мактаблар,
ўз касбининг чинакам устаси ва фидойиси бўлган минглаб мураббийлар сув билан ҳаводай зарур.
Шу муносабат билан Халқ таълими вазирлиги ҳудудлар раҳбарлари билан биргаликда ҳар бир туманда камида биттадан мана шундай мактаб яратиш чораларини кўриши зарур.
Президентнинг ҳар бир ҳудуддаги вакиллари, ҳар бир вилоят ва туманнинг етакчилари – бу ҳокимлар. Маъмун академиясининг бешиги, Муҳаммад Хоразмий юрти бўлган Хоразм, Мирзо Улуғбек камолга етган Самарқанд, дунёга Бобур Мирзони берган Андижон, Аҳмад Фарғоний ватани бўлган Фарғона вилоятларининг ҳокимлари бугун бу оқсоқлик ва бепарволик тўғрисида нима дейдилар?
Ўзингиз раҳбарлик қилаётган вилоятларда мана шундай намунали мактаблар ташкил этиш учун сизларга олти ой муҳлат берамиз.
Албатта, янги мактабларни қуриш, чиройли қилиб жиҳозлаш, безаш мумкин, лекин уларни замонавий маъно-мазмун, илм-маърифат, тарбия билан тўлдириш қўлимиздан келадими?
Бу долзарб масала устида ҳокимлар билан Вазирлар Маҳкамаси, мутасадди вазирликлар ва идоралар раҳбарлари биргаликда жиддий ишлашлари талаб этилади.
Азиз дўстлар!
Биз Учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз.
Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз.
Мен ишонаман – ҳурматли ота-оналар бу ташаббусни албатта қўллаб-қувватлаб, янги Ренессанснинг бешинчи ҳалқаси, бешинчи устуни бўладилар. Ва бу маънавий-маърифий ҳаётимиздаги энг мустаҳкам устун бўлади, десам, ўйлайманки, сизлар тўла қўллаб-қувватлайсизлар.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Барчангиз хабардорсиз, бугун юртимизда бир-бири билан чамбарчас боғланган муҳим соҳаларни, яъни мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасаларини ривожлантириш бўйича беқиёс ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Лекин сир эмас, мактабгача таълим соҳаси бу борадаги ислоҳотлардан яқин вақтгача четда қолиб келди.
Аслида, фарзандларимиз тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Айнан мактабгача таълим соҳасига бўлган эътибор мамлакатнинг эртанги тараққиёти учун мустаҳкам замин яратади. Шуларни назарда тутиб, биз юртимизда илк бор Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этдик.
Бугун йирик шаҳарларимиздан тортиб, чекка туманлар, қишлоқ ва овулларимизда янги-янги замонавий боғчалар барпо этилмоқда. Қисқа вақт, яъни тўрт йил ичида республикамизда боғчалар сони 3 баробар ошиб (5 минг 200 тадан 14 минг 200 тага), болаларни қамраб олиш даражаси 28 фоиздан 54 фоизга етгани ана шундай амалий ҳаракатларимиз натижасидир.
Соҳага давлат-хусусий шериклик механизми жорий этилиши туфайли 223 мингдан ортиқ ўринга эга бўлган 7 минг 400 та хусусий боғча ташкил қилинди. Бу мақсадлар учун 1 триллион 850 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилиб, 20 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.
Кўриниб турибдики, дастлабки натижалар ёмон эмас. Бироқ ҳали бу борада қиладиган ишларимиз анчагина.
Соҳада давлат-хусусий шериклик тизимини ривожлантириб, нодавлат секторнинг улушини 75 фоизга етказиш, мактабгача таълим қамровини эса 80 фоиздан ошириш зарур.
Болалар боғчалари учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг амалдаги тизими давр талабларига жавоб бермайди. Қолаверса, мактабгача таълимда замонавий ўқитиш шакллари, янги педагогик ва ахборот технологияларини жорий қилиш масаласи ҳам долзарб бўлиб турибди.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда мактабгача таълим соҳасидаги ушбу муҳим вазифалар ижроси юзасидан ҳукумат қарорини қабул қилсин.
Муҳтарам дўстлар!
Халқимиз ҳамиша устозларни эъзозлаб, уларнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиб келган. “Устоз ота каби улуғ” деган ҳикматли нақл ҳам бежиз айтилмаган. Энди ана шу сўзларни қоғозда эмас, амалда қарор топтирадиган, ўқитувчи-муаллимнинг қадр-қимматини жойига қўядиган пайт келди.
Мен бу гапларни нима учун айтаётганимни ҳаммангиз яхши тушуниб турибсиз, албатта.
Яшириб нима қилдик, кўп йиллар давомида ўқитувчига эътибор борасида сўзимиз бошқа, ишимиз бошқа бўлиб келди. Оқибатда соҳа ходимлари гўёки кераксиз ва ҳимоясиз қатламга айланиб қолди. Мактаб ўқитувчиларининг асосий вазифаси бир четда қолиб, уларни ўзларига мутлақо алоқаси бўлмаган ишларга жалб этиш чуқур илдиз олди. Янаям очиқроқ айтсак, муаллимларнинг “хўжайини” кўпайиб кетди. Бундай ножўя ишлар нафақат таълим сифатига, балки соҳа ходимларининг ўз касбига бўлган муносабатига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Қанчадан-қанча тажрибали ўқитувчилар дили оғриб, севган касбини ноилож ташлаб кетганини ҳам биламиз.
Мана, яқин-яқингача ўқитувчи-муаллимлар, айрим жойларда ўқувчилар ҳам, тўрт ойлаб пахта йиғим-терими, чопиқ ва яганага чиқарилгани сир эмас. Натижада ўқитувчи бир ойда ўртача 80 соат дарс ўтиши керак бўлса, тўрт ойда 320 соат йўқотадиган вазият вужудга келди. Ўз навбатида, ўқувчи бир ойда 136 соат сабоқ оладиган бўлса, тўрт ойда 544 соат дарсни бой беришга мажбур бўлди.
Агар бу рақамларни ўн бир йилга кўпайтирсак, биласизми, қанча бўлади? Бу, ахир, юқори синф ўқувчилари учун белгиланган 8,5 минг соатлик ўқув дастурининг қарийб 3 минг соати – 30 фоизи далада мажбурий меҳнатда ўтди, дегани эмасми? Бошқача айтганда, бола 11 йил ўрнига атиги 7 йил ўқишга мажбур бўлди.
Яратганга шукрки, бундай салбий ҳолатлар энди тарихда қолди. Ҳамма соҳани ўз эгасига, жумладан, қишлоқ хўжалигини ҳам фермер ва кластерларга топшираётганимиз туфайли бунга эришмоқдамиз.
Кейинги тўрт йилда мактаб ўқитувчиларининг ойлик маоши бир ярим баробар кўпайтирилди. Давлат мукофотлари билан тақдирланаётган устозлар сони ошиб боряпти. Ўқитувчи тайёрлайдиган ҳисоботлар, қоғозбозликлар сони кескин камайтирилди.
Ўзингиз ўйланг, тўрт йил олдин бундай ўзгаришларни тасаввур қилиб бўлармиди?
Жамиятда устоз ва мураббийларга қаратилаётган эътибор туфайли қарийб 15 минг нафар эркак ўқитувчи мактабларга қайтди. Аммо, шуни таъкидлаш керакки, ҳали бу борада кўзланган натижага эришганимиз йўқ. Ҳозирги кунда ҳам халқ таълимидаги педагогларнинг қарийб 70 фоизини аёл ўқитувчилар ташкил этмоқда.
Албатта, ҳаммамиз мактаб даврини эслаганимизда, кўз олдимизга аввало, талабчан ва меҳрибон синф раҳбаримиз келади. Нима учун? Чунки, мактабдаги ҳар бир қадамимиз мана шу азиз ва олижаноб инсонларнинг доимий эътибори ва ғамхўрлигида бўлган. Ҳаётга илк йўлланмани ҳам бизга мана шу устозларимиз берган.
Шу сабабли биз синф раҳбарларининг машаққатли ва масъулиятли меҳнатини муносиб рағбатлантириш чорасини кўряпмиз. Хусусан, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб 242 минг нафар синф раҳбари учун қўшимча тўлов миқдори бир ярим баробар оширилади. Мазкур мақсадлар учун йиллик 400 миллиард сўмдан зиёд қўшимча маблағ йўналтирилади.
Ўрни келганда айтмоқчиманки, мен бугун имзолаган Фармон билан биринчи марта 14 нафар синф раҳбари давлатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланди.
Ўқитувчиларнинг доимий ва узлуксиз психологик кўникмаларини ривожлантириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги қошидаги ҳудудий малака ошириш институтларида синф раҳбарларини тайёрлаш бўйича алоҳида ўқув курсларини ташкил этиш керак.
Бугунги кунда жамиятимизда ўқитувчи ва мураббийларнинг қадди, шаъни ва ғурури тикланаётгани барчамизни қувонтиради.
Айни вақтда бу ўта муҳим масала энг долзарб вазифамиз эканини алоҳида таъкидлаб, уни амалга ошириш бутун жамиятимизнинг бурчига айланишини истардим.
Фарзандларимиз мактабдан қанчалик билимли бўлиб чиқса, юқори технологияларга асосланган иқтисодиёт тармоқлари шунча тез ривожланади, кўплаб ижтимоий муаммоларни ечиш имкони туғилади. Шундай экан, Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади десам, ўйлайманки, бутун халқимиз бу фикрни қўллаб-қувватлайди.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Мамлакатимизнинг келгуси тараққиётини ўйлаб, ўқитувчи ва муаллимларнинг ҳаётимиздаги нуфузи ва мавқеини ошириш мақсадида уларнинг мақомини қонун даражасида белгилашни таклиф қиламан. Ушбу қонунда ёшларга таълим ва тарбия бериш жараёнида ўқитувчилар ўзларининг салоҳиятини тўлиқ намоён этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий қўллаб-қувватлаш чоралари кафолатланиши керак. Жумладан, мактаб директори, унинг ўринбосари, синф раҳбари, ўқитувчининг мақоми аниқ белгиланиши лозим.
Ўқитувчиларга устамалар тўлаш, уларни рағбатлантириш мезонлари ҳам тўлиқ қайта кўриб чиқилиши зарур. Амалда бу масала ўта мураккаблиги ва ортиқча қоғозбозлик талаб қилиши ҳам ҳақиқат. Бунда аксарият эскирган қонуности ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиб, бекор қилинса, ўйлайманки, мақсадга мувофиқ бўлади.
Ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлишини, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашув, бошқа ишларга жалб қилиш жавобгарликка сабаб бўлишини қатъий белгилаш лозим.
Қонунда, шунингдек, мактаб директорига қўйиладиган талаблар, унинг асосий вазифалари ва фаолиятини баҳолаш мезонлари ҳамда ҳисобот бериш тартибини белгилаш зарур.
Мактаб директори лавозимини танлов асосида, мактабни келгуси 5 йилда ривожлантириш бўйича энг яхши дастурга эга номзод эгаллаши керак. Энди мактаб директори йил якуни бўйича дастур ижроси ҳақида маҳаллий кенгашда ҳисобот беради ва унинг фаолиятига халқ вакиллари томонидан очиқ-ойдин баҳо бериб борилади. Мактаб директорига интизомий жазо бериш ва уни лавозимидан озод этиш масалалари ҳам маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда амалга оширилиши зарур.
Парламентимиз аъзоларидан маҳаллий кенгашларнинг мактаблар билан ишлаш тизимини алоҳида назоратга олиб, ушбу жараёнларга яқиндан кўмак беришларини сўрайман. Олий Мажлис палаталари (Т.Норбоева, Н.Исмоилов) икки ой муддатда умумтаълим мактаблари билан ишлашни янада кучайтириш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқишлари мақсадга мувофиқ бўлади.
Келгуси икки йил давомида мактабларни моддий-техник жиҳатдан таъминлаш харажатларини 2 баробар ошириш, уларни замонавий жиҳозлар ва кўргазма қуроллари билан тўлиқ таъминлаш лозим.
Афсуски, бугунги кунда туман ва шаҳар халқ таълими мудирларининг тизимдаги ўрни сезилмаяпти. Уларнинг фаолияти асосан хўжалик ишларини назорат қилиш ва тегишли жазо чоралари қўллашдан иборат бўлиб, таълим сифати билан шуғулланиш иккинчи даражали масалага айланиб қолган. Мазкур раҳбарларнинг тизимдаги ролини қайта кўриб чиқиш ва уларнинг мақомини оширишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Бундан буён туман халқ таълими бўлими мудирлари ҳокимнинг маориф бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолият олиб боради ва бевосита ҳокимлик биносида ўтиради. Шунга мос равишда уларга зарур ваколатлар берилади.
Бундан ташқари, таълим соҳасини ривожлантириш мақсадида туман ва шаҳарларда алоҳида жамғарма ташкил этсак, нима дейсизлар?
Жамғарма маблағлари илғор ва намунали мактаб раҳбарлари ҳамда халқ таълими бўлимлари методистларини рағбатлантиришга йўналтирилади.
Вазирлар Маҳкамаси (Ж.Қўчқоров), Молия вазирлиги (Т.Ишметов) бир ой муддатда ушбу жамғармани ташкил этиш ва унинг молиявий манбаларини шакллантириш бўйича қарор лойиҳасини тайёрласин.
Қадрли дўстлар!
Кейинги вақтда мамлакатимизда мактаб таълими умуммиллий ҳаракатга айланиб, соҳа ривожида янги давр бошланганидан хабардорсиз. Ана шу ҳаракатнинг амалий ифодаси сифатида сўнгги икки йилда 556 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 77 та янги мактаб қурилди. 1 минг 930 та мактабда қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари бажарилди.
Айни пайтгача мавжуд бўлган қишлоқ мактабларидаги “Қўлбола печка”лар ҳам тўлиқ алмаштирилмоқда. Юзлаб мактабларда электр энергияси, тоза ичимлик суви таъминоти, иситиш тизими яхшиланди, ошхона, спорт заллари ва бошқа зарур бинолар барпо этилди. 6 мингга яқин мактаб юқори тезликдаги Интернетга уланди.
Шу билан бирга, хусусий таълим тизимига кенг йўл очилмоқда. Бу борада лицензия олиш тартиби соддалаштирилди. Ўтган уч йил давомида уларнинг сони 6 марта ошиб, 140 тага етгани диққатга сазовордир.
Мутлақо янгича мазмун ва шаклга эга бўлган Президент мактаблари ҳамда ижод мактаблари бўйича ишлар фаол давом эттирилмоқда.
Математика ҳамда кимё-биология фанларини ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қилдик. Уларга асосан ҳар бир туман ва шаҳарда ана шу фанларга ихтисослашган мактаблар босқичма-босқич ташкил этилади. Шу йилнинг ўзида математика йўналишида 56 та, кимё-биология йўналишида 27 та мактаб ташкил этилгани бу ишларнинг бошланишидир.
Математика, кимё, биология, ахборот тизимлари ва информатика фанлари бўйича сертификация тизимини жорий этишни бошладик. Ўрта таълим тизимида иқтидорли ўқувчилар ва ўқитувчилар билимини баҳолаш тизимини кенгайтириш мақсадида бошқа асосий фанлар бўйича ҳам сертификация тизимини жорий этиш зарур.
Хабарингиз бор, пойтахтимизда Муҳаммад Хоразмий номида ахборот-коммуникация технологияларига ихтисослашган янги мактаб очдик. Айни пайтда фарзандларимизнинг “ай-ти” технологияларга қизиқишини янада ошириш ва уларнинг етук мутахассис бўлиб етишиши учун шароит яратиш мақсадида жорий йилда – 14 та, келгуси йилда – 82 та, 2022 йилда – 64 та, 2023 йилда – 45 та ахборот технологиясига ихтисослашган мактаблар ташкил этилади ва барча туман ва шаҳарлар қамраб олинади.
Ўқитувчилар ишини енгиллаштириш ва уларнинг салоҳиятидан оқилона фойдаланиш учун келгуси йилда таълимни рақамлаштириш ишларини якунлаб, “Онлайн мактаб”, “Рақамли ва хавфсиз мактаб”, “Электрон дарслик”, “Электрон кундалик” каби тизимлар жорий этилади. 2020 йил охиригача мактабларни кенг полосали Интернет тармоғига улаш даражаси 70 фоизга етказилади. Келгусида барча мактаблар 100 фоиз Интернет билан таъминланади ва бунинг учун Давлат бюджети маблағлари йўналтирилади.
Биз халқаро фан олимпиадалари ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларини рағбатлантириш тизимини йўлга қўйдик. Илгари олимпиадада олтин ёки кумуш медаль олса, совриндор ўқувчига ҳам, уни тайёрлаган ўқитувчига ҳам нари борса битта фахрий ёрлиқ бериларди. Ҳозир улар миллионлаб пул мукофоти билан тақдирланмоқда.
Бу рағбатлантириш тизими амалда ижобий натижа бера бошлаганини алоҳида таъкидламоқчиман. Пандемия шароитига қарамасдан, ўқувчи ёшларимиз халқаро фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллаётгани барчамизни қувонтиради. Хусусан, бу йил 28 нафар иқтидорли ўғил-қизимиз ана шундай олимпиадаларда 2 та олтин, 8 та кумуш, 15 та бронза медаль ҳамда 3 та дипломни қўлга киритгани алоҳида эътиборга лойиқ.
Ушбу йўналишдаги ишларимизни янги босқичга кўтариш мақсадида,
Халқ таълими вазирлиги қошидаги Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти фаолиятини кучайтириш, вазирнинг биринчи ўринбосарини бу масала бўйича бевосита масъул этиб белгилаш лозим.
Биз кейинги пайтда таълим соҳасида мутлақо янги тизим яратиш мақсадида ташкил этишни бошлаган Президент ва ижод мактаблари зиммасига барча умумтаълим мактаблари учун ўрнак ва андоза бўлиш вазифаси юклатилган. Афсуски, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг (С.Бобохўжаев) бу борадаги жонбозлиги ва ташаббускорлиги ҳали-ҳануз сезилмаяпти.
Айни вақтда, кўзлаган мақсадларимизга эришиш учун, мактабнинг ҳам масъулиятини оширадиган вақт келди. Бу – давр талаби. “Қарс икки қўлдан чиқади”, дейди халқимиз.
Бугун шиддат билан ривожланаётган замон ҳар биримиздан доимо изланиб, ташаббус кўрсатиб, янгича ишлашни талаб этмоқда.
Бир ўйлаб кўрайлик, нега қанчадан-қанча мактабларда битирувчиларнинг 10 фоизи ҳам олийгоҳларга кира олмаяпти? Ота-оналар репетитор ёллаб, пул тўлаб болаларини ўқишга тайёрлашга мажбур бўляпти.
Савол туғилади: нима учун аксарият мактабларимиз 11 йил ўқитган ўқувчилар олийгоҳга кира олмаяпти-ю, репетитор 2 йилда бунга эришяпти?
Бу саволлар ҳар бир мактаб ўқитувчиси, жамоаси ва директорини, ҳар қайси виждонли педагогни ўйлантириши зарур, деб ўйлайман.
Энди мактаб жамоатчилик олдида ҳисобот берадиган бўлади. Мактабни битирган ўқувчи олийгоҳга кириши керак ёки мактаб давридаёқ бирор-бир касб-ҳунарга эга бўлиши шарт. Айнан шу мезон асосида мактаб жамоаси ва директори фаолиятига баҳо берилади.
Бугун ҳар бир ўқитувчи ва тарбиячи, олийгоҳ домласи таълим ва илм-фан соҳасидаги энг сўнгги ижобий янгиликларни ўқув жараёнларига татбиқ эта оладиган, чуқур билим ва дунёқараш эгаси, бир сўз билан айтганда, замонамиз ва жамиятимизнинг энг илғор вакиллари бўлишлари керак.
Бундай устозлар қўлида таълим олган фарзандларимиз биз орзу қилган Ўзбекистоннинг ёруғ келажагини бунёд этишга қодир авлод бўлиб камол топади. Лекин бу юксак натижаларга эришиш учун таълим тизимидаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишимиз лозим.
Бугун аниқ ва табиий фанларни ўқитиш методикаси мураккаб тузилгани, уларда назарий билимлар амалиёт билан боғланмагани, ўқув дастурларида узвийлик йўқлиги, дарсликларнинг мазмуни ва сифати қониқарсиз экани ҳақли эътирозларга сабаб бўлмоқда. Амалдаги таълим стандартлари ҳамда ўқув дастурлари асосан ўқувчини таълимнинг навбатдаги босқичига тайёрлашга йўналтирилган бўлиб, уларни эркин фикрлаш ва мустақил ҳаётга тайёрлаш масаласи эътибордан четда қолмоқда. Бундай ҳолатларга барҳам бериш учун, хорижий экспертлар ва тажрибали ўқитувчиларни кенг жалб қилган ҳолда, умумий таълимнинг Миллий ўқув дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш ва жорий ўқув йили давомида уни илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларида синовдан ўтказиш лозим.
Шунингдек, умумтаълим мактабларида дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни тажриба-синовдан ҳамда чет эллик мутахассислар иштирокида экспертизадан ўтказиш тизими мавжуд эмас. Мактаб дарсликларини яратиш ва чоп этишни тартибга солиш масаласи ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.
Шу сабабли Республика таълим маркази фаолияти замонавий талаблар асосида тубдан қайта кўриб чиқилиб, такомиллаштирилиши керак. Ушбу марказнинг фаолияти Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир ўринбосари Б.Мусаев томонидан шахсан мувофиқлаштирилиши ва назоратга олиниши зарур.
Бошланғич синфлардан бошлаб фарзандларимизнинг қизиқиш ва қобилиятларини аниқлаш, келгусида уларни ихтисослашган синфларда ўқитишни давом эттириш тизимини жорий этиш лозим. Бунинг учун Халқ таълими вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси навбатдаги ўқув йилидан бошлаб 4-синф битирувчиларини фанлар бўйича саралаш ва йўналтириш тартибини амалиётга киритиши керак.
Ҳозирги пайтда умумтаълим муассасаларининг олий маълумотли педагог кадрлар билан таъминланиш даражаси 87 фоизни ташкил этади. Кўплаб мактаблар, айниқса, чекка ҳудудлардаги таълим масканларида бир қатор фанлар бўйича малакали ўқитувчилар етишмаяпти. Шу муносабат билан педагог кадрлар тайёрлаш масаласи ҳамиша эътиборимиз марказида туриши зарур.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарлари ўз ҳудудидаги педагог кадрлар тайёрлайдиган университет ва институтлар билан жиддий ишлаши керак. Ушбу олий таълим даргоҳларининг профессор-ўқитувчиларига ипотека ва истеъмол кредитлари ажратиш, уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, санаторий ва курортларда даволанишини ташкил этиш масалалари шахсан ҳудуд раҳбарининг назоратида туриши лозим. Чунки, эътибор қаратадиган бўлсак, жойлардаги ҳамма мутахассиснинг – фермер ёки инженерни оласизми, бошқа касб вакилларини оласизми, ҳаммасига эътибор ва ғамхўрлик қиладиган ташкилотлар бор. Фақат ўқитувчининг, ўқитувчи тайёрлайдиган институтларнинг, таъбир жоиз бўлса, жойларда “эгаси” йўқ.
Такрор айтаман, энди бу масала билан шахсан ҳокимлар шуғулланади.
Бугунги тез ўзгараётган замонда, барча соҳаларда ходимларнинг билим ва малакасини мунтазам ошириб бориш ҳал қилувчи масалага айланган бир пайтда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими бу талаблардан орқада қолмоқда.
Халқ таълими вазирлигининг Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти бор. Минг афсуски, бу институтнинг исми жисмига мос эмас. Улуғ маърифатпарвар илгари сурган ва муваффақиятли амалга оширган ғоялар, замонавий таълим методикасини ишлаб чиқиш масалалари институт фаолиятида ўзининг амалий ифодасини топа олмаётганини айтишга мажбурмиз.
Шу муносабат билан мактаб директорлари ва ўқитувчиларининг малакасини ошириш тизимини танқидий кўриб чиқиш зарур. Бу борада Абдулла Авлоний номидаги институт фаолиятини тубдан қайта ташкил этиш талаб этилади.
Мазкур таълим даргоҳи ҳудудлардаги университетлар ва педагогика институтлари билан биргаликда туман халқ таълими бўлими мудирлари ва мактаб директорларининг малакасини ошириш, ўқитишнинг замонавий методикаларини яратиш, масофавий таълим бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратиши керак.
Соҳада рақобатни таъминлаш мақсадида нодавлат таълим ташкилотларини ҳам малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимига жалб қилиш вақти келди. Бу жараёнда ўқитиш харажатларини қоплаш учун Давлат бюджетидан маблағ йўналтирилади.
Ўрнак кўрсатган ўқитувчилар учун мажбурий малака ошириш талабларини бекор қилиш, уларнинг фаолиятини бевосита ўқувчилари олган билим даражаси билан баҳолашни назарда тутиш лозим. Ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган педагогларга олий малака тоифаси тўғридан-тўғри тақдим этилиши керак.
Эндиликда халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашнинг янги тизими жорий этилади. Яъни, ўқитувчилар бевосита малака ошириш марказларига бормасдан, масофадан туриб ўз касбий кўникмаларини доимий ривожлантириш имкониятига эга бўладилар. Бундан ташқари, таълим сифатини оширишга кўмаклашадиган ва ўқитувчиларнинг доимий касбий ривожланишига амалий ёрдам кўрсатадиган устоз-шогирд тизими ташкил қилинади ва уларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилади.
Мактабларда информатика, кимё, хорижий тиллар каби фанлар бўйича ўқитувчилар етишмовчилигини бартараф этиш мақсадида педагогик бўлмаган йўналишлар бўйича олий таълим олаётган ёшлар учун қисқа муддатли педагогик курслар ташкил қилинади.
Муаллим ва ўқитувчиларнинг билими ва малакасини ошириш ҳақида гапирганда, бугун жамиятимизда долзарб бўлиб турган яна бир масалага тўхталиб ўтиш зарур, деб ўйлайман.
Айтинг-чи, ўқитувчи ўз устида ишлаши, билим ва маҳоратини ошириши учун қўшимча методик ёрдамни қаердан олади? Албатта, шу соҳага оид китоб ва қўлланмалардан, махсус педагогик нашрлардан олади.
Афсуски, биз кейинги йилларда “мажбурий обуна” баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди. Шундай аянчли ҳолга келдикки, ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлдилар.
Ўзингиз биласиз, дунёда компьютер технологиялари энг ривожланган давлатлардан бири бу – Япониядир. Лекин ушбу мамлакатда кунига 3-4 миллион нусхада нашр этиладиган газеталар борлигига нима дейсиз? Айтмоқчиманки, ҳаётимизда радио-телевидение, Интернет билан бирга босма нашрларнинг ҳам ўз ўрни бор.
Бугунги кунда босма нашрларни таълим муассасаларига, ўқитувчи-профессорларга етказиб бериш ҳам жиддий муаммога айланган. Чунки бу борада матбуот тарқатиш ва почта тизимининг фаолияти мутлақо талабга жавоб бермайди.
Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда босма матбуот нашрлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, хусусан, мактаб ва олийгоҳларни педагогик фаолият учун зарур нашрлар билан таъминлаш, уларнинг кутубхоналарини ўқув ва бадиий адабиётлар билан тўлдириш чора-тадбирларини ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.
Ўқувчиларнинг қобилиятини юзага чиқариш, бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган беш муҳим ташаббус доирасида ҳам ижобий ишлар олиб борилмоқда. Бу борадаги амалий ҳаракатларни давом эттириш, айниқса, мусиқа ва санъат, ахборот технологиялари ва спорт тўгараклари фаолиятини янада ривожлантириш, уларни зарур восита ва жиҳозлар билан тўлиқ таъминлаш алоҳида диққат марказида бўлмоғи лозим.
Ҳаммамизга аёнки, бугунги мураккаб глобаллашув даврида жамиятимизда миллий ғоя ва мафкуравий иммунитетни кучайтириш, ёшларимизни турли зарарли ғоя ва таҳдидлардан асраш, уларни ўз мустақил фикрига эга, иродали, фидойи ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу сабабли биз биринчи марта умумтаълим мактабларида “Тарбия” фанини жорий этмоқдамиз.
Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг асрий қадриятларимиз асосида яратган “Туркий “Гулистон” ёхуд ахлоқ” асари шарқона тарбиянинг ноёб қўлланмаси сифатида бугунги кунда ҳам ўзининг қадри ва аҳамиятини йўқотган эмас. Биз “Тарбия” фанининг назарий асосларини ишлаб чиқишда мана шундай бебаҳо асарлардан самарали фойдаланишимиз зарур.
Хабарингиз бор, бир йил олдин ўтказилган селектор йиғилишида халқ таълимини ривожлантиришни умуммиллий мақсад, умумхалқ ҳаракати сифатида белгилаб олган эдик. Ушбу ҳаракат доирасида барча поғонадаги раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари мактабларни оталиққа олган эди. Шундан сўнг ҳокимларимиз “урра-уррачилик” билан бир муддат мактабга киргандек бўлди, буни “ойнаи жаҳон”да намойиш ҳам қилди. Лекин шу билан тамом – мактаб эсимиздан чиқди.
Такрор айтаман, бугун мактабга кирмаган, мактабнинг, ёш авлоднинг дарду ташвишлари билан яшамаган раҳбарни эртага ҳаётнинг ўзи қабул қилмайди.
Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам институционал ислоҳотлар олиб борилмоқда. Энди ҳокимлар иш вақтининг фақат 10-15 фоизини қишлоқ хўжалиги соҳасига сарфлайдиган шароит вужудга келмоқда. Қолган вақтда улар ижтимоий масалалар, аввало, таълим-тарбия, маънавият билан бевосита шуғулланишлари лозим.
Мана, ҳар бир ҳоким ёки унинг ўринбосарлари ҳамма фермерларни номма-ном билади. Лекин мактаб директорларини, илғор синф раҳбарларини, фаол ўқитувчиларни-чи? Бугун бу борада қайси ҳокимни ибрат, намуна қилиб кўрсата оламиз? Афсуски, жавоб йўқ.
Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокими ҳафтада бир кунни албатта мактабга бағишлаши керак.
Мактаб муаммосига биринчи даражали масала деб қарашимиз лозим. Мактаб – фақатгина таълим берадиган маскан эмас, барчамиз учун юксак маънавият бешигига, фарзандларимизни болаликдан бошлаб касбга ўргатувчи даргоҳга айланиши зарур.
Жорий ўқув йилидан бошлаб профессионал таълим тизимида янги шаклдаги муассасалар тармоғи йўлга қўйилаётганидан барчангиз хабардорсиз. Жумладан, халқаро стандартларга мос 725 та профессионал таълим муассасаси – касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар яқин кунларда ўз фаолиятини бошлайди. Уларда 200 мингдан ортиқ ўқувчилар бугунги талабларга жавоб берадиган ўқув дастурлари асосида таълим олади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги халқаро меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган кадрларни тайёрлаш, профессионал таълимнинг мазмуни ва сифатини ошириш дастурини ишлаб чиқсин. Ҳудудларнинг раҳбарлари эса битириб чиқаётган ёш мутахассисларни муносиб иш билан таъминлаш ҳақида бош қотириши зарур.
Қадрли юртдошлар!
Бугунги кунда жаҳондаги нуфузли олий таълим муассасалари илм-фаннинг йирик ўчоқлари ҳисобланиши ҳеч кимга сир эмас. Шуни ҳисобга олиб, биз мамлакатимиз олий таълим тизимида туб ислоҳотларни амалга оширяпмиз. Янги-янги олий ўқув юртлари, дунёдаги етакчи университетларнинг филиаллари ташкил этилмоқда.
Мисол учун, сўнгги 4 йилда мамлакатимизда 47 та янги олий таълим муассасаси, жумладан, хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилиб, олий ўқув юртларининг сони 125 тага етди.
Давлат-хусусий шериклик тизими асосида нодавлат олий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Аҳоли фикрини ўрганган ҳолда, сиртқи ва кечки таълим шаклларини қайта тикладик, қабул квоталари оширилмоқда. Мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 2020 йилда 25 фоизга етган бўлса-да, биз бу ишларни янада кенгайтиришимиз зарур.
Профессор-ўқитувчиларнинг хориждаги олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот масканларида малака ошириши ва стажировка ўташини таъминлайдиган механизм яратилди. Уларнинг ойлик иш ҳақи миқдори 2018 йилга нисбатан ўртача 2,5 баробар оширилди. Бу йилдан бошлаб 10 та олий таълим муассасаси ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилди.
Айни пайтда олий таълим соҳасида бир қатор муаммолар сақланиб қолаётганини таъкидлаш лозим. Бу муаммолар нималардан иборат? Уларни ҳал этиш учун қандай тадбирларни амалга оширишимиз керак?
Аввало, соҳада давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, айниқса, ҳудудларда нодавлат олий ўқув юртларини ташкил этиш секин бормоқда. Мана, Фарғонада Корея билан, Хоразмда Малайзия билан ҳамкорликда олий ўқув юртлари ташкил этиляпти. Лекин, нима учун бошқа вилоятларда бундай ҳаракатлар сезилмаяпти?
Аксарият битирувчиларнинг билим ва малакаси меҳнат бозори талабларига жавоб бермаётганини ҳам тан олишимиз керак. Маҳаллий таълим муассасаларида инновацион фаолият ҳамда тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш даражаси жуда паст. Тизимда илмий даражали ўқитувчилар улуши ўртача 37 фоиз экани бизни қониқтирмайди. Ҳудудларда бу кўрсаткич янаям паст даражада сақланиб қолмоқда.
Олий таълим масканларини илмий лабораториялар билан жиҳозлаш, тизимда ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш даражаси ҳам паст эканини қайд этиш лозим.
Сир эмас, бугунги пандемия жуда кўп соҳалар қаторида соғлиқни сақлашнинг илм-фан йўналишида ҳам ҳали билимларимиз заиф эканини кўрсатиб қўйди. Барчамиз бундан жиддий хулоса қилишимиз керак.
Олий таълим тизимининг вазифаси фақат талабаларга дарс беришдан иборат эмас. Университет ва институтларимиз илм-фан соҳасида ҳам фаол ишлаши, ёшларни илмий ишларга, катта-катта лойиҳаларга жалб этиши керак. Ушбу муассасаларда илмий-тадқиқот ишларини янада ривожлантириш мақсадида илмий-техник дастурлар доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар кўламини 3 баробар кенгайтириш, докторантурага қабул квоталарини 4 марта кўпайтириш зарур.
Бугун “рақамли иқтисодиёт” деган тушунча дунёда энг долзарб масалага айланганини барчамиз кўриб турибмиз. Айни пайтда ахборот технологиялари соҳасида чуқур билим ва малакага эга бўлган, улардан унумли фойдалана оладиган замонавий мутахассислар миллий иқтисодиётимиз учун ниҳоятда зарур. Барчамиз бу масалани чуқур англаган ҳолда, шу мақсадга эришиш учун жиддий ҳаракат қилишимиз шарт. Бу ишга бугун киришмасак, эртага кеч бўлади.
Вазирлар Маҳкамаси ушбу устувор вазифалар ижроси юзасидан алоҳида дастур ишлаб чиқиши зарур.
Муҳтарам дўстлар!
Ёдингизда бўлса, давлат раҳбари сифатидаги менинг биринчи учрашувим 2016 йил 30 декабрда мамлакатимиз академиклари билан бўлиб ўтган эди. Бу пайтда Фанлар академияси муаммолар гирдобига ботиб қолган, унга охирги сайловлар 1995 йилда ўтказилган эди. Оқибатда ўтган давр мобайнида академикларнинг сони 2 баробар қисқариб, 63 нафар академик қолган эди, холос.
Биз академияни, таъбир жоиз бўлса, реанимация ҳолатидан чиқариб, соғлом, тўлақонли фаолиятга қайтариш учун зарур амалий чораларни кўрдик. 32 нафар янги академик сайланди. Фанлар академиясининг фаолиятини давлат бюджетидан молиялаштириш тизими йўлга қўйилди. Бир қатор илмий-тадқиқот институтлари ва марказлар фаолияти қайта тикланди. Жумладан, 40 та илмий лаборатория замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Ушбу мақсадлар учун биргина Фанлар академиясининг институтларига қарийб 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Биз жамиятимизда илм-фаннинг қадрини кескин ошириш, олимлар ва тадқиқотчилар учун шароит ва имкониятларни кенгайтириш йўлида жиддий ҳаракат қиляпмиз. Айни пайтда таъкидлаш лозимки, ўша учрашувда билдирилган аксарият вазифа ва топшириқлар бугун ҳам долзарб бўлиб, уларни тўлақонли амалга ошириш учун барчамиз масъулмиз.
Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистонда илм-фан соҳаларини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси лойиҳасини киритсин.
Шахсан мен жонкуяр олимларимиз буюк аждодларимизнинг илмий анъаналарини муносиб давом эттирган ҳолда, илм-фанни тараққиётимизнинг драйверига айлантириб, мамлакат ривожига хизмат қиладиган муҳим кашфиётлар яратишларига ишонаман.
Қадрли ватандошлар!
Барчамиз яхши биламизки, инсоннинг онги ва дунёқараши, фикри ўзгармаса, жамият ўзгармайди. Жамият ўзгармаган жойда ҳеч қандай ижобий натижа ҳам, тараққиёт ҳам бўлмайди. Одамларнинг онгу тафаккурини ўзгартирувчи куч эса, ҳеч шубҳасиз, аввало, ўқитувчи-мураббийлар, олийгоҳ домлалари, илм-фан арбоблари, маданият ва санъат, адабиёт намояндаларидир.
Бугун биз яшаётган жамиятга янги фикр, янги ғоя, энг муҳими, ислоҳотларни амалга оширишга қодир бўлган янги авлод кадрлари керак. Албатта, халқимизнинг мардона меҳнати, ўқитувчи ва мураббийларнинг жонбозлиги туфайли таълим соҳасини тубдан модернизация қилиш бўйича кўп иш қилдик. Лекин ҳаммамиз яхши тушунамизки, булар – катта мақсад йўлида ташланган дастлабки қадамлар, холос.
Барчангиз гувоҳсиз, бугун замон шиддат билан ўзгариб, барча соҳалар қатори таълим тизими олдига ҳам ўта долзарб ва мураккаб вазифаларни қўймоқда. Биз дунё миқёсидаги кескин рақобатга бардош бера оладиган миллий таълим тизимини яратишимиз зарур. Шу мақсадда, аввало, таълим масканларининг моддий-техник базасини, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини замон талаблари асосида такомиллаштириш, ўқув дастурлари ва стандартларини оптималлаштириш, соҳа ходимларининг иш ҳақини босқичма-босқич ошириб бориш, уларнинг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш бундан буён ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлади.
Бугун мен, аввало, таълим-тарбия соҳаси фидойиларига, барча юртдошларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман: азиз дўстлар, биродарлар, агар интилсак, астойдил ҳаракат қилсак, ҳар қандай баланд маррани эгаллаш қўлимиздан келади. Биз маърифат борасида, таъбир жоиз бўлса, “илиги тўқ” халқмиз. Илм-фанга интилиш бизнинг қонимизда, бугунги тил билан айтганда, генимизда бор.
Ҳаммамиз яхши тушунамиз, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш –беш-ўн йилда бўладиган иш эмас. Бунинг учун, аввало, юзлаб, минглаб истеъдодли кадрлар, фидойи шахслар керак.
Биз Худо берган истеъдодга парвариш зарурлигини, агар ўз вақтида шароит яратиб берилмаса, ҳар қандай иқтидор ҳам сўниб қолиши мумкинлигини яхши англаймиз.
Мана, Темурийлар даврини эслайлик, Ғазнавийлар, Хоразмшоҳлар, Навоийлар замонини ёдга олайлик. Агар давлат томонидан эътибор ва ҳомийлик бўлмаса, ижодий муҳит яратиб берилмаса, улуғ алломаларимизнинг салоҳияти бу даражада ёрқин намоён бўлмас эди.
Бугун давлатимиз томонидан илм-фан, таълим ва тарбия, маданиятни ривожлантириш учун қанча куч, қанча маблағ керак бўлса, ҳаммасини топамиз. Қандай имконият зарур бўлса – яратамиз.
Баъзи одамлар, пандемия даврида шу гаплар зарурми, деб ўйлаши ҳам мумкин. Бундай тор қараш билан яшайдиган кишилар янглишади. Худо хоҳласа, коронавирус пандемияси ҳам эртами-кечми, албатта тарихга айланади.
Бу касаллик бошланган март ойидаёқ биз ушбу оғир синовдан муносиб ҳолда, янада кучли бўлиб ўтишимиз керак, деб ўз олдимизга улкан вазифа қўйган эдик. Бугун ана шу мақсадларимиз аста-секин амалга ошмоқда. Биз барчамиз улуғ аждодларимиздан ибрат олиб, уларга муносиб бўлиб, доимо эзгу орзу-интилишлар билан яшашимиз керак.
Бугунги фурсатдан фойдаланиб, мен йил бошида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномадаги бир фикрга эътиборингизни қаратишни ўринли, деб биламан. Яъни: “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир”.
Чиндан ҳам, бугун биз улуғ ниятлар билан пойдевор қўяётган янги Уйғониш даври мамлакатимизда мана шундай улкан бойлик яратишга, халқимизнинг ҳаётини фаровон қилишга ва келгуси авлодларга ўзимиздан муносиб мерос қолдиришга хизмат қилади.
Ишонаманки, ўз тарихида не-не буюк ишларни шараф билан амалга оширган халқимизнинг интеллектуал ва маънавий салоҳияти, куч-қудрати ва олижаноб фазилатларига таяниб, ўз олдимизга қўйган улуғ ва эзгу мақсадларимизга албатта эришамиз.
Азиз муаллимлар, муҳтарам домлалар!
Мен янги Ўзбекистонни – обод ва фаровон, демократик мамлакатни барпо этишда сиз, муҳтарам педагогларни, профессор-ўқитувчиларни ўзим учун энг катта куч, таянч ва суянч, деб биламан. Сизларнинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган фаолиятингизни қўллаб-қувватлаш, сизлар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароити яратиб беришни Президент сифатида ўзимнинг муқаддас бурчим, деб ҳисоблайман.
Сизларни қутлуғ байрамингиз билан яна бир бор чин юракдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда муваффақиятлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Доимо фарзандларингиз, шогирдларингиз, элу юртимиз ҳурмати ва ардоғида бўлиш бахти насиб этсин, азиз устозлар!
Эътиборингиз учун раҳмат.