Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи

0
21
марта кўрилган.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Авваламбор, гўзал Бишкек шаҳрида саммитимиз юксак даражада ташкил этилгани ва кўрсатилаётган анъанавий меҳмондўстлик учун Қирғиз Республикаси Президенти ҳурматли Садир Нурғожоевич Жапаровга самимий миннатдорлик изҳор этаман.

Сўнгги йилларда Қирғизистонда барча соҳаларда олиб борилаётган жадал ислоҳотлар ва туб ўзгаришларга ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бугун тадбиримиз ўтаётган ушбу муҳташам мажмуа ҳам бу сўзларимизнинг яққол далилидир.

Мамлакатда сиёсий-ижтимоий барқарорлик таъминланаётгани, замонавий саноат ва инфратузилма объектлари барпо этилаётгани, давлатнинг халқаро обрўси ва нуфузи ошаётгани яқин қардош сифатида бизни чексиз қувонтиради.

Қирғиз томонининг Ташкилотимизда иқтисодий интеграция, умумий тараққиёт, рақамли келажак ва хавфсизлик йўналишларида шерикликни асосий мақсад этиб белгилаган раислиги даври муваффақиятли ўтишига тилакдошман.

Фурсатдан фойдаланиб, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳурматли Қосим-Жомарт Кемелевич Тоқаевни ҳам тузилмамизда “Туркий давр!” шиори остида ўтган самарали раислиги билан чин дилдан табриклайман.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Минг афсуски, Остона ва Шуша шаҳарларидаги учрашувларимиздан кейинги вақт мобайнида глобал геосиёсий жараёнлар тобора мураккаб тус олди. Етакчи давлатлар ўртасидаги рақобат ва ишончсизлик муҳити кескин кучаймоқда, зиддият ва уруш ўчоқлари кўпайиб, турли хавф-хатарлар янада ортмоқда.

Албатта, буларнинг салбий таъсири ва оқибатларини давлатларимиз ҳар томонлама сезиб турибди. Бу муаммолар савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги қўшма режа ва катта лойиҳаларимизга жиддий тўсиқ бўлмоқда, десам, бу – айни ҳақиқатдир.

Ташкилотимиз доирасида сиёсий ва хавфсизлик масалаларида мулоқотларни тизимли давом эттириш, умумий манфаатларимиздан келиб чиқиб, халқаро муаммолар бўйича якдил ва аниқ позициямизни фаол илгари суриш мақсадга мувофиқдир.

Бу ўринда гап, энг аввало, Яқин Шарқда давом этаётган адолатсиз уруш ва кузатилаётган икки ёқлама стандартлар ҳақида бормоқда. Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани, тинч аҳолига қарши вайронкор ҳужумларни, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар қурбон бўлаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочоқларига ёрдам бериш бўйича махсус агентлиги фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатларни ҳам кескин қоралаймиз.

Мазкур кўп йиллик низонинг ягона ечими – халқаро меъёрий ҳужжатлар ва резолюцияларга мувофиқ, 1967 йилдаги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузишдир.

Кейинги ҳафта Ар-Риёд шаҳрида ўтадиган араб-мусулмон давлатлари саммитида бу муаммога аниқ сиёсий ечим топилишига умид қиламиз.

Хавфсизлик ҳақида тўхталганда, Афғонистон масаласи Ташкилотимиз доирасида доимо диққатимиз марказида бўлиши лозим. Бу борада вазирлар ва экспертлар даражасидаги мунтазам мулоқот механизмини йўлга қўйиш муҳимдир.

Афғонистондаги ўткир муаммоларни ҳал этишда амалдаги ҳукуматга ёрдам кўрсатиш, бу давлатни минтақавий иқтисодий жараёнларга кенг жалб этиш, ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини рўёбга чиқариш масалалари албатта кўриб чиқилиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Ҳурматли давлат ва ҳукумат раҳбарлари!

Бугун Ташкилотимизнинг тарихий ҳужжати – Туркий дунё хартиясининг қабул қилиниши қардош давлатлар ва халқларимиз ўртасида кучайиб бораётган кўпқиррали ҳамкорликнинг ёрқин ифодасидир. Аминманки, биз шу асосда Туркий дунёни янада жипслаштириш, унинг мавқеини ошириш, ўзаро манфаатли ва дўстона алоқаларимизни чуқурлаштириш, ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтаришга эришамиз.

Саммитимиз кун тартибидан келиб чиқиб, бир қатор устувор йўналишларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Биринчидан, давлатларимиз ўртасидаги икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги юқори даражасидан келиб чиқиб, Ташкилотимизнинг асосий шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ва мустаҳакамлаш тарафдоримиз.

Биз Туркий давлатларнинг стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлиги тўғрисидаги шартномани қабул қилишни таклиф этамиз. Ўйлайманки, ушбу кенг қамровли хужжатнинг ишлаб чиқилиши тузилмамиз фаолиятини янада юксак сиёсий поғонага кўтаради.

Иккинчидан, Ташкилотимиз доирасида янги иқтисодий имкониятлар маконини яратиш бўйича ниятимиз қатъийдир.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда давлатларимизнинг ташқи товар айланмасида ўзаро савдомиз улуши анча паст даражада қолмоқда. Импортимизнинг салмоқли қисми учинчи давлатлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу борада вазиятни кескин ўзгартириш вақти келди.

Энг аввало, тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, савдо-божхона тартиб-қоидаларини енгиллаштириш, электрон тижорат платформаларини ривожлантириш бўйича аниқ битим ва келишувлар ишлаб чиқиш лозим.

Савдо соҳасидаги салоҳиятимизни кенгайтиришга қаратилган чуқур тадқиқотлар олиб бориш учун яқин истиқболда Тошкентда етакчи миллий таҳлил марказларимизнинг анжуманини ўтказиш айни муддао бўлар эди.

Келгуси йил учун иқтисодий форум, савдо ва саноат кўргазмалари, минтақа ва вилоятларимизнинг ўзаро ташриф режаларини, давлат харидларида иштирок этиш, кооперация ва локализация қўшма дастурини қабул қилишимиз керак. Бу устувор вазифаларни мамлакатларимизнинг Бош вазир ўринбосарлари зиммасига юкласак, албатта натижаси тезда кўринади.

Учинчидан, бугунги оғир глобал иқтисодий шароитда энг долзарб муаммо – бу инвестиция жараёнларининг узлуксизлигини таъминлашдир.

Жаҳон молия бозорида капиталга бўлган талаб ва унинг нархи тобора ошиб бормоқда. Ривожланаётган давлатлар учун узоқ муддатли ва “яшил” кредитлар ажратиш шартлари қийинлашмоқда.

Биз Ташкилотимиз доирасида молиявий инструментларни жорий этишга жиддий эътибор қаратишимиз керак. Туркий инвестиция жамғармаси ишини фаоллаштириш, бизнинг ташаббусимиз бўлган Туркий ривожланиш банкини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқишимиз зарур, деб ҳисоблаймиз.

Минтақавий аҳамиятга эга лойиҳаларга халқаро молия институтлари ва чет эл инвестиция компанияларини кенг жалб этиш ҳам долзарб вазифадир. Бу борада Туркий инвестиция форумини ташкил этишни таклиф қиламиз ва унинг илк тадбирини Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз.

Тўртинчидан, яна бир устувор масала – бу транспорт коридорларидан самарали фойдаланишдир.

Ўрта коридор бўйлаб транзит тарифларини мақбуллаштириш, чегаралардан ўтиш жараёнларини соддалаштириш, замонавий логистика тизимлари ва қўшма операторларни яратиш умумий манфаатларимизга тўла жавоб беради.

Ташкилотимиз доирасидаги ташувларда электрон ҳужжатлар айланмасига ўтиш ва уларни ўзаро тан олиш бўйича кўп томонлама битимни имзолашга чақирамиз.

Бундай долзарб масалаларни бизнес вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама қилиш мақсадида Туркий давлатлар логистика марказлари ва юк ташувчилари альянси билан ҳамкорликда Халқаро логистика конференциясини ўтказишни таклиф этамиз.

Бешинчидан, келажак иқтисодиётини кенг жорий этишга қаратилган Рақамли туркий дунё концепциясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурамиз.

Мазкур концепция мамлакатларимизда тўпланган илғор тажриба ва IT соҳасидаги ютуқларни ўзаро алмашиш, инновация, инфратузилма ва илм-фан бўйича рақамли тизимларни, йирик дата-марказларини яратишга хизмат қилади.

Олтинчидан, келгуси ҳафта Бокуда CОP-29 глобал саммити ўз ишини бошлаши билан Озарбайжон Президенти, ҳурматли Илҳом Ҳайдарович Алиевни яна бир бор самимий табриклаб, катта омадлар тилайман.

Иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўткир экологик муаммоларга ечимлар топиш мақсадида вазирлар даражасидаги Туркий экологик кенгашни тезроқ тузиш зарурлигини таъкидлаб, унинг биринчи учрашувини келгуси йили Ўзбекистонда ўтказишга тайёрлигимизни билдирамиз.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Қардош халқларимизни бир-бирига янада яқинлаштириш, ёшларимизни аждодларимизга муносиб руҳда тарбиялаш мақсадида туркий эллар фольклорининг кўп жилдли мажмуасини аъзо мамлакатлар тилларида нашр этсак, манзур иш бўлар эди.

Бу борада “Туркий мамлакатлар тарихи” каби фундаментал тадқиқотларни биргаликда яратиш долзарб вазифамиздир. Шу билан бирга, туркий тиллардан бевосита таржима қилишни рағбатлантириш, мактабларимизда туркий халқлар ва уларнинг тарихи, этнографияси, маданияти ва санъати ҳақида факультатив дарсларни йўлга қўйиш лозим, деб ўйлайман.

Шу ўринда Ўзбекистоннинг Туркий маданият ва мерос жамғармасига тўлақонли аъзо бўлишга тайёрлигини билдираман.

Қадрли дўстлар!

Бугун “Туркий дунё Олий ордени” билан мукофотланаётган Венгрия Бош вазири ҳурматли Виктор Орбан жанобларини қизғин табриклайман.

Сўзимнинг якунида бир фикрни алоҳида таъкидламоқчиман.

Ташкилотимиз доирасидаги амалий ҳамкорлигимиз шиддат билан ўзгараётган дунёда ўз позицияларимизни мустаҳкамлаш, турли таҳдид ва янги хавф-хатарларнинг олдини олиш, алоқаларимизни янада чуқурлаштириш учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Аминманки, бугунги саммитимиз натижалари Туркий цивилизацияни юксалтириш борасидаги улкан режаларимизга муносиб ҳисса қўшади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.