Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

0
247
марта кўрилган.

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Муҳтарам фахрийлар!

Ҳурматли меҳмонлар!

Бугун жонажон Ватанимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 73 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Ана шу қутлуғ айём билан сизларни, сизлар орқали кўп миллатли бутун халқимизни чин қалбимдан муборакбод этаман. Барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.

Сиз, азизларни биз фашизмга қарши мардона курашган, буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, Ватанимизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари, деб биламиз ва сизлар билан чексиз фахрланамиз. 

Сизларнинг бугун орамизда мана шундай нуроний бўлиб, дуогўй бўлиб юришларингиз биз учун албатта катта бахт, катта давлатдир.

Ҳаммамизга аёнки, бу дунёда тинчлик ва омонлик, бахту саодат барқарор бўлиши учун инсон ўзини аямасдан кураш олиб бориши, фидокорона меҳнат қилиши керак. Сизларнинг юксак жасорат ва матонатингиз, бутун ҳаётингиз бунга яққол мисол бўла олади.

Бугун фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган минглаб ватандошларимизнинг сўнмас хотираларини ёд этиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш – биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Қонли жанг майдонларида мардлик кўрсатган, фронт ортида меҳнат қилиб, бугун ҳаётимизга файз бағишлаб юрган муҳтарам фахрийларимиз олдида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз.

Айни вақтда мустақил Ватанимиз озодлиги, эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган жасур ҳарбийларимизнинг номларини ҳам ҳурмат ва эҳтиром билан эсга оламиз. Уларнинг оила аъзолари, фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз, деб биламиз.

Азиз ва муҳтарам дўстлар!

Иккинчи жаҳон уруши ҳақиқатан ҳам инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлган эди. Бу уруш халқимиз бошига қандай оғир азоб-уқубат ва талофатлар, беҳисоб қурбонлар келтирганини эл-юртимиз ҳеч қачон унутмайди.

Албатта, бу ҳақда жуда кўп гапириш мумкин. Рухсатингиз билан, мен такрор бўлса ҳам, фақат баъзи мисолларга тўхталиб ўтмоқчиман.

Уруш арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган бўлса, шундан 1 миллион 500 мингдан зиёди фронтга сафарбар этилган. Бу ўша пайтдаги халқимизнинг 22 фоизини, меҳнатга яроқли аҳолининг эса 40-42 фоизини ташкил этарди.

Меҳрибон ота-онасини, азиз фарзандлари, табаррук она юрт тупроғини ҳимоя қилишга отланган бу ботир инсонлар кечаю кундуз қон кечиб, Москвадан то Берлингача бўлган оловли йўлларни қаҳрамонларча босиб ўтдилар.

Урушда ўзбекистонлик жангчилардан 500 мингдан кўпроғи – фронтга сафарбар этилганларнинг ҳар учтасидан бири ҳалок бўлди, 60 мингдан ортиқ ҳамюртимиз ногирон бўлиб қайтди.

Бу ёвуз уруш туфайли қанча-қанча оилалар ўз боқувчисидан ажралди, гўдаклар етим, аёллар бева бўлиб қолди. Ўз жигарбандидан жудо бўлган минг-минглаб оналар қалбидаги алам ва изтиробни ифода этишга сўз ожиз.

Эл-юртимизнинг буюк Ғалабага қўшган улкан ҳиссаси ҳақида гапирар эканмиз, қуйидаги рақамларга алоҳида тўхталиш ўринли, деб ўйлайман. Урушда қатнашган 120 мингдан ортиқ Ўзбекистон фарзанди жанговар орден ва медалларга сазовор бўлган. Уларнинг 280 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан, 82 нафари эса учала даражадаги “Слава” ордени билан мукофотланган.

Уруш йилларида Ўзбекистон фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланди. Юртимиздаги саноат корхоналари ҳарбий соҳага мослаштирилди, барча имкониятлар фронт учун, ғалаба учун сафарбар этилди.

Ўлкамизга эвакуация қилинган юздан зиёд завод ва фабрикаларни ишга туширишда ишчи ва муҳандислар билан бирга аёллар ва кексалар, ўспирин болалар мардлик ва матонат билан меҳнат қилдилар.

Уруш даврида халқимиз томонидан фронтга 2 мингдан зиёд самолёт, кўплаб қурол-яроғлар, юзлаб ҳарбий-санитария поездлари, дала ошхоналари, палаткалар, жуда катта миқдордаги озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берилди.

Ўзбекистон меҳнаткашлари тўплаган маблағлар ҳисобидан ўнлаб ҳарбий самолёт ва танклар, жанговар машиналар барпо этилди.

1941 – 1945 йилларда мамлакатимиз собиқ Иттифоқ миқёсидаги улкан госпиталга айланди. Бу ерда минг-минглаб жангчилар даволаниб, уруш ва меҳнат фронтларига қайтдилар.

Ўша суронли йиллар ҳақида  гапирганда, халқимизнинг олижаноб гуманистик фазилатлари тўғрисида ҳар қанча фахрланиб, ғурурланиб сўз юритсак, арзийди, албатта.

Ўзбекистон уруш туфайли уй-жойи, ота-онаси ва қариндошларидан ажралган, фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган қарийб 1 миллион кишини ўз яқинларидек кутиб олди. Уларнинг 200 минг нафари болалар эди. Юзлаб ўзбек оилалари эвакуация қилинган етим болаларни ўз тарбиясига олди. Охирги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрди. 

Тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов хонадони ана шундай оилалардан бири эди. 

Баҳри ая и Шоаҳмад ота 14 нафар оч-юпун, етим болани ўз тарбиясига олиб, уларга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатдилар. 

Халқимизга хос ана шундай буюк инсонпарварлик юксак маънавий жасорат намунаси сифатида бутун дунёда эътироф этилди.

Кейинги пайтда жамоатчилигимиз томонидан билдирилган кўплаб мурожаатларни ҳисобга олиб, биз Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласига қўйилган ҳайкални Тошкент шаҳри марказидаги аввалги жойига қайтаришга қарор қилдик.

Ушбу ёдгорлик ёнида жойлашган марказий кўчалардан бирига Шоаҳмад Шомаҳмудов номи берилди. Шунингдек, ҳайкал ўрнатилган майдон, шу ҳудуддаги метро станцияси, санъат саройининг “Халқлар дўстлиги” деган аввалги номи қайта тикланди. 

Албатта, бундай қарор чуқур асосга эга. Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари дўстлик, ўзаро ҳурмат муҳитида тинч-тотув яшамоқда.

Ишончим комил, Ўзбекистон пойтахти марказида қайта тикланган мажмуа азалдан халқимизга хос бўлган, тобора мустаҳкамланиб бораётган бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик, саховат ва олижаноблик фазилатларининг ёрқин тимсоли бўлиб қолади.

Азиз дўстлар!

Иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимиз кўрсатган мардлик ва олижаноблик ҳақида кўплаб илмий ва бадиий асарлар яратилганини албатта миннатдорлик билан таъкидлаймиз.

Шу билан бирга, эл-юртимизнинг буюк Ғалабага қўшган улкан ҳиссаси ҳали тўла очиб берилмаган, десак, бу ҳам адолатдан бўлади.

Бугунги фурсатдан фойдаланиб, мен тарихчи олимларимизга, адабиёт ва санъат арбобларига, кенг жамоатчилигимизга бир таклиф билан мурожаат қилмоқчиман. Бу даҳшатли урушда қатнашган ота-боболаримизнинг қаҳрамонлиги ҳақида янги-янги асарлар яратиш, жумладан, аниқ тарихий ҳужжатлар асосида мукаммал китоб-альбом тайёрлаб, нашр этишнинг, ўйлайманки, вақти-соати келди.

Ҳақиқатан ҳам, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимиз фашизм балосига қарши курашда жасур аждодларимиз кўрсатган мардлик ва матонатни асло ёдидан чиқармаслиги керак. Бу тарихий ҳақиқатни уларга тўла етказиш, фарзандларимизни миллий ғурур ва ифтихор руҳида, ватанпарварлик руҳида тарбиялашда барча мутасадди ташкилотлар, олимларимиз, ижодкор зиёлиларимиз фаол иштирок этадилар, деб ишонаман.

Қадрли юртдошлар!

Бугун азим  пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, барча вилоят ва туманларда эл-юртимиз Хотира майдонларини зиёрат қилиб,  урушда ҳалок бўлган ватандошларимизни ёд этмоқда. Муҳтарам фахрийларимиз билан самимий учрашувлар ўтказилиб, уларга мукофотлар, эсдалик совғалари топширилмоқда.

Ҳаммамиз яхши тушунамиз, кексаларимиз, мўътабар отахон ва онахонларимизни рози қилсак, бутун халқимиз, жамиятимиз биздан рози бўлади. Уларнинг табаррук дуолари – бу, аввало, эл-юртимизнинг дуоси, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Шу муносабат билан таъкидлаб айтмоқчиман – кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг ижтимоий таъминоти, тиббий хизматдан фойдаланиши, маиший шароитларини яхшилаш, ҳурматли фахрийларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эъзозлаш ва ардоқлаш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлиб қолади.

Албатта, мана шу қутлуғ байрам кунларида, ям-яшил табиат бағрида, мусаффо осмон остида туриб, ҳар биримиз тинч ва озод ҳаётнинг қадрини, аҳамиятини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.

Лекин, минг афсуски, дунёнинг турли минтақаларида кескинлик ўчоқлари кўпайиб бормоқда. Бу ҳам айни ҳақиқат. Шундай мураккаб даврда тинчлик учун кураш чиндан ҳам энг долзарб вазифага айланмоқда.

Шунинг учун биз яқин ва узоқ қўшниларимиз билан ўзаро манфаатли  алоқаларни кучайтирмоқдамиз. Айниқса, минтақамизда дўстлик ва ҳамкорлик руҳини мустаҳкамлаш бўйича катта ишларни амалга ошираётганимиз сизларга яхши маълум. Жумладан, жафокаш Афғонистон заминида салкам 40 йилдан буён давом этаётган можарони тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги ташаббусларимиз халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Минтақамиздаги тинчлик ва тараққиёт барчамизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ. Шу маънода, бугун Марказий Осиё давлатлари ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришга интилаётгани ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Айни пайтда Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, сарҳадларимиз дахлсизлигини сақлаш, халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик каби хатарларга қарши курашиш бош вазифамиз бўлиб қолади. Бу борада Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини ошириб, тинчлик ва хавфсизлик йўлида олис ва яқин давлатлар билан ҳамкорликни янада кучайтирамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистонни хайрихоҳлик билан қўллаб-қувватлаб келаётган, бугунги даврамизда иштирок этаётган дипломатик корпус вакилларига, барча хорижий меҳмонларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром билдирамиз. Уларнинг мамлакатлари ва халқларига ўз номимдан, эл-юртимиз номидан тинчлик ва равнақ тилашга ижозат бергайсиз.

Қадрли ва муҳтарам ватандошларим!

Сиз, азизларни қутлуғ байрам – Хотира ва қадрлаш куни билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман. 

Ҳаммангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Дунёдаги энг катта бахт – фарзандлар, набираларнинг бахту камолини кўриш барчангизга насиб этсин.

Юртимиз тинч, халқимиз  омон бўлсин!

Осмонимиз доимо мусаффо бўлсин!
 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.