Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан XXIV қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими доирасидаги тадбирларда иштирок этиш учун 4-5 февраль кунлари ташриф билан Пекин шаҳрида бўлади, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Хитой пойтахти жаҳон спорти тарихида иккала Олимпиадани қабул қилган биринчи шаҳар бўлади – 2008 йилда бу ерда XXIX ёзги Олимпия ўйинлари ҳам ўтказилган эди.
Карантин чораларига қатъий риоя этган ҳолда 4-20 февраль кунлари ўтадиган бу галги мусобақада спортнинг 15 та йўналиши бўйича 109 та медаллар тўплами ўйналади. Бу медаллар учун 90 дан ортиқ мамлакат, шу жумладан Ўзбекистондан жами 4 мингдан зиёд спортчи беллашади.
Олимпия ўйинларининг очилиш маросими 4 февраль куни Пекиндаги “Қуш ини” миллий стадионида хорижий давлатлар ва расмий делегациялар етакчилари, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўтади.
Ташриф дастурига мувофиқ Ўзбекистон Президенти қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади.