Ўзбекистон Республикаси Президенти Евроиттифоқ билан кўп қиррали ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилади

0
73
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакалани қабул қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни кенгайтириш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Конструктив сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник соҳаларда, экология, таълим ва туризм йўналишларида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг дастур ва лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув аввалида ЕИ махсус вакили мамлакатимиздаги демократик ва ижтимоий-иқтисодий янгиланишларни янада чуқурлаштиришга қаратилган, ортга қайтмайдиган Янги Ўзбекистон ислоҳотлари дастури Европа Иттифоқида юксак баҳоланаётгани, унинг давом эттирилиши изчил қўллаб-қувватланаётганини таъкидлади.

Кейинги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган икки томонлама муносабатлар кўп қиррали ва жадал тус олгани мамнуният билан таъкидланди.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янгиланган стратегияси қабул қилингани, Ўзбекистонга «GSP+» тизимининг бенефициари мақоми берилгани ҳамда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик шартномаси дастлабки тарзда имзолангани бунинг далолатидир.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик самарали ривожланмоқда. Биргина жорий йилнинг 9 ойида ўзаро савдо 15 фоизга ўсди. Ўзбекистон маҳсулотларининг ЕИ мамлакатларига экспорти ҳажми 70 фоизга кўпайди. Ўзбекистондаги қўшма лойиҳа ва корхоналар сони 1 мингдан ошди.

Европалик инвесторлар иштирокида энергетика ва автомобилсозлик каби юқори технологик тармоқларда, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Суҳбат чоғида барқарор тараққиётга, минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга кўмаклашишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Транспорт, инновация, рақамлаштириш, “яшил” иқтисодиёт, муқобил энергетика ва сувдан оқилона фойдаланиш, инклюзив таълим устувор соҳалар сифатида белгиланди.

Афғонистондаги вазиятни тез фурсатда тинч йўл билан тартибга солиш ва унинг иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.