Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз парламентига навбатдаги Мурожаатномани тақдим этмоқда.
Давлатимиз раҳбари ўз сўзининг аввалида ўтаётган йилда амалга оширилган ишларга тўхталди.
– Буюк юртдошимиз Имом Бухорий ҳазратлари ўз китобида келтирган “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига, фақат ният қилган нарсаси берилади” деган ҳадисда, албатта жуда чуқур маъно бор. Биз 2018 йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном бериб, Давлат дастури доирасида, 21 триллион сўм ва 1 миллиард долларга тенг 76 мингта лойиҳани амалга оширганимиз, ўтган йили яхши ният билан бошлаган ишларимиз натижасини кўрсатиб турибди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Аҳолининг реал умумий даромадлари 2017 йилга нисбатан 12 фоизга ошгани қайд этилди. Солиқларнинг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ҳудудларда 5,5 триллион сўм қўшимча маблағ қолдирилгани, бу ўтган йилга нисбатан 6 баробар, 2016 йилга нисбатан эса 32 баробар кўп бўлганига эътибор қаратилди.
“Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” каби дастурлар доирасида жойларда 2 минг 600 дан ортиқ бизнес лойиҳалари амалга оширилган. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари натижасида 416 та қишлоқ янгича қиёфага эга бўлган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрь куни мамлакатимиз тарихида биринчи марта Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этган эди. Бу йилги Мурожаатномада ҳам тугаётган йилда амалга оширилган ишлар ва келгуси йилга мўлжалланган режалар, давлатимиз ички ва ташқи сиёсатидаги асосий тамойиллар баён этилгани билан барчада катта қизиқиш уйғотмоқда.