Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркия Республикаси Президенти билан телефон орқали мулоқоти тўғрисида

0
129
марта кўрилган.

26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.  

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Туркия Президентини таваллуд куни билан самимий табриклаб, энг эзгу тилакларини билдирди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этдилар.

Ўзаро савдо ҳажми юқори суръат билан ортмоқда: 2018 йил якунларига кўра товар айирбошлаш 40 фоизга ошди. Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида инвестиция ва инновациялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани модернизация қилиш, туризм ва бошқа соҳаларда йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Туркия инвестициялари иштирокида 655 қўшма корхона фаолият юритмоқда, шундан 270 таси ўтган йили ташкил этилди.

Маданий-гуманитар алмашинув кенгайиб бормоқда, туризм соҳасидаги ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Кейинги бир йилда мамлакатимизга ташриф буюрган туркиялик сайёҳлар сони 2 баробар кўпайди.

Давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда олий даражада эришилган келишувларни кенг миқёсда амалга ошириш муҳимлигини қайд этдилар.

Мулоқот сўнгида Президентлар Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини яна бир бор тасдиқладилар.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.