Ўзбекиcтон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганининг 28 йиллиги муносабати билан “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон” мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирни Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид очиб берар экан, Президентимизнинг “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига тўхталди: “Абдулла Орипов яратган мадҳия давлатимиз рамзи – ўзбек халқи, адабиёт, шеърият вакиллари учун катта қувончли ҳодисадир. Мадҳия – халқнинг ғуруридир. Шу боис, у янграганда биз руҳан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз».
Тадбирда таъкидланганидек, ер юзида икки юз элликдан ортиқ давлат мавжуд бўлиб, ҳар бир мамлакат ўз Давлат мадҳиясига эга. Мадҳия қайси мамлакатники бўлмасин, у ўша халқнинг орзу-умидларининг акс-садо бўлиб, озод ва мустақиллигини ер курраси бўйлаб ифодалаб туради. Улар билан бир қаторда ғурур ила жаранглаётган мадҳиямиз ҳам ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради. Тадбирда сўзга чиққанлар ана шу жиҳатларга эътибор қаратишди.
– Ўзбекистон халқини бирлаштириб турадиган тимсолларимиздан бири бу, мадҳиямиздир, – дейди Божхона институти бошлиғи, божхона хизмати подполковниги Восид Эргашев. – Мадҳиямизга зўр эҳтиром билан қараш, Ўзбекистон Республикасини ҳар бир фуқаросининг оддий эмас, балки ватанпарварлик бурчидир. Бу эса қонунларда белгилаб берилган. Таълим даргоҳимизда ҳам ҳар кунги дарс жараёнлари мадҳиямизнинг янграши билан бошланади. Бу эса бўлажак божхоначиларнинг юртга садоқатли, ватанпарвар, етук мутахассис бўлиб етишишларида катта аҳамиятга эга.
Учрашувда сўз олган Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг турмуш ўртоғи “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳибаси Ҳанифа Орипова мадҳиянинг шеъри ва мусиқасининг яратилиши ва икки буюк ижодкор Абдулла Орипов ва Ўзбекистон халқ бастакори Мутал Бурҳонов ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси мадҳиясининг яралиши жараёнидаги қизиқ воқеалар ҳақида йиғилганларга гапириб берди.
Шунингдек, тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов сўзга чиқиб, Давлат мадҳияси тўғрисидаги фикрларини баён қилди:» Мадҳия – қалбида ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ғурур, ўзига хос фахр, энг муҳими юртга меҳр уйғотади. Бу миллий тимсолда халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, орзу-ўйлари, маслак-мақсади мужассамдир».
Тадбир Ўзбекистон халқ артистлари Муножот Йўлчиева, Гавҳар Зокирова ҳамда божхона институти курсантларининг шеърлари, куй-қўшиқлар билан давом этди.
Кеча якунида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан намунали хизмат кўрсатаётган бир гуруҳ божхоначиларга бадиий китоблар армуғон қилинди.
Зулайҳо Аҳмаджонова, журналист