Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалларини жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Дунёнинг 78 мамлакатидан 400 га яқин боксчи иштирок этди мазкур мусобақада энг кучли боксчилар номига сазовор бўлган спортчиларимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида карнай-сурнай наволари остида тантанали кутиб олинди.
Боксчиларимизни кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раиси Ачилбай Раматов йигитларни жаҳон чемпионатидаги ютуқлари билан қутлади ва Токио Олимпиадасида ҳам шундай зафарли ғалабалар тилади.
Маросимда, шунингдек, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти, кўплаб жамоат ташкилотлари, спортчиларимизнинг яқинлари ва юзлаб бокс ишқибозлари қатнашди. Маросимда боксчиларимиз номидан Баҳодир Жалолов сўзга чиқиб, ҳукуматимиз эътибори ва ғамхўрлиги уларга яна куч ва ғайрат бағишлашини билдирди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Рашид Холиқов қатнашиб, ўз қўшиқлари билан маросимга янада файз бағишлади.