Ўзбекистон ва АҚШ қўшма лойиҳаси имзоланди

0
207
марта кўрилган.

Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари (АҚШ) ўртасида таълим тараққиётига кўмаклашиш бўйича муҳим келишув (DOAG) имзоланди. Ушбу лойиҳа Президентимиз илгари сурган беш ташаббуснинг учинчи қисмини амалга оширишга кўмак беради.

Ҳужжатни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, АҚШ элчихонасининг муваққат вакили Алан Мельцар ва USAID нинг Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчиси Жули Саусфилд имзолади.

Мазкур келишувга асосан, АҚШ ҳукумати келгуси беш йил давомида мамлакатимизга таълим соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион долларгача маблағ ажратади.

АҚШ мазкур келишув доирасида Ўзбекистонда таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш учун ушбу маблағнинг 19,5 миллион долларга тенг бўлган биринчи қисмини ажратди.

Мазкур икки томонлама келишув АҚШ ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги биринчи кенг қамровли грант шартнома бўлиб, у Америка Қўшма Штатларининг юртимиз таълим соҳасидаги тараққиётини қўллаб-қувватлаш борасидаги узоқ муддатли мажбуриятини белгилайди.

Ушбу битим асосида молиялаштирилган тадбирлар бошланғич мактабларда ўқиш ва математикадан дарс бериш натижаларини яхшилаш, ахборот технологияларидан фойдаланиш ҳамда инглиз тилини ўқитишда Ўзбекистон ҳукумати билан яқин ҳамкорликда амалга оширилади.

Хусусан, лойиҳа Халқ таълими вазирлигининг ўқувчиларнинг ахборот технологиялари соҳасида билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган “IT Nation” ташаббусини амалга оширишда илмий асосланган стратегия яратишда кўмак беради.

Эътиборлиси, ушбу лойиҳа Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган беш ташаббуснинг учинчи қисмини амалга ошириш ҳамда янги тизимда ижтимоий, маънавий ва маърифий ишларни ташкил этишда ўз ҳиссасини қўшади. Эслатиб ўтамиз, беш ташаббуснинг учинчи йўналиши аҳоли ва ёшларни компьютер ҳамда интернетдан самарали фойдаланишини ташкил этишга қаратилган.

Таъкидлаш жоизки, таълим соҳасидаги муаммолардан бири ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини объeктив баҳолаш воситаларининг йўқлигидир. USAID агентлиги кўмагида юртимиз умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларида ўқиш ва матeматика (EGRA и EGMA) фанлари бўйича тадқиқот ишлари олиб борилади. Ушбу тадқиқотлар ўғил-қизларнинг билимидаги бўшлиқларни аниқлашга ёрдам бeради ва ушбу муаммоларни бартараф этиш чораларини кўради. Мазкур лойиҳага USAID қўшимча $1,5 млн. ажратади.

Шунингдек, USAID агентлиги мазкур лойиҳа давомида Халқ таълими вазирлигига замонавий таълим усулларини жорий этиш йўллари билан бир қаторда мамлакатимиз мактабларида инглиз тилини ўқитишни такомиллаштиришга қаратилган “English speaking nation” дастурини амалга оширишда ёрдам бeради. АҚШлик ҳамкорлар бу лойиҳани амалга ошириш учун яна $5 млн. тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинган. Мазкур лойиҳа концепцияда назарда тутилган мақсадларни амалга оширишга ёрдам беради.

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.