Ўзбекистон ва Эрон Президентлари икки томонлама амалий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилгач, икки мамлакат делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокаралари бўлиб ўтди

0
73
марта кўрилган.

Теҳрон шаҳридаги “Саадобод” мажмуасининг “Жумҳури” саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисийнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Давлатимиз раҳбари Эрон Президентига ушбу мамлакатга ташриф билан келиш таклифи ҳамда Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.

Икки томонлама амалий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди. Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни янада кенгайтиришга муҳим аҳамият қаратишлари таъкидланди.

Президентлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт ва логистика соҳасида ҳамкорликни мувофиқлаштириш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Марказий Осиёни Эрон билан боғловчи энг қисқа транспорт-логистика йўлакларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.

Энергетика, кимё саноати, фармацевтика ва тиббиёт технологиялари, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, саноат қурилиш материаллари, машинасозлик, ускунасозлик ва электротехника тармоқларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чоралари кўриб чиқилди.

Аграр йўналишда иссиқхоналар ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ускуналарини ишлаб чиқариш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, боғдорчилик ва балиқчиликда, қурғоқчиликка чидамли экин турларини селекция қилишда тажриба алмашиш соҳаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.   

Томонлар маданий, илмий-инновациявий алоқаларни кенгайтиришга интилишини қайд этдилар. Икки мамлакат ҳукуматлари ишбилармонлар ва олимлар ўртасидаги мулоқотларни ривожлантиришга кўмаклашиши таъкидланди.

Халқаро терроризм, наркотрафик, кибертеррорчилик, одам савдоси каби глобал хавф ва таҳдидларга қарши курашишда томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Давлат раҳбарлари Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари юзасидан мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.

Турли халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисийнинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.

Халқларимиз ўртасидаги азалий маданий-тарихий алоқалар Ўзбекистон-Эрон муносабатларини ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон раҳбарининг Эронга ташрифи икки томонлама алоқаларни кенг қамровли ҳамкорлик даражасига кўтаришга қаратилган.

Президентлар тор доирадаги учрашув якунларини юқори баҳоладилар ҳамда куни кеча Ўзбекистон ва Эрондан 200 нафардан зиёд тадбиркорлар иштирокида ўтган бизнес-форум натижаларини олқишладилар.

Икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида конструктив мулоқот ва парламентларимиз ўртасида яқин ҳамкорлик олиб борилаётгани таъкидланди.

Савдо-иқтисодий соҳада ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бораётгани кузатилмоқда. Мамлакатларимизнинг транспорт-транзит коммуникацияларидан фойдаланишни кенгайтириш ишбилармонлик алоқаларининг фаоллашиши ва юк ташишларнинг ортишига хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Инновациялар, сунъий интеллект, нанотехнологиялар, кибернетика, технологиялар трансфери каби соҳаларда тажриба алмашиш муҳимлиги қайд этилди.

Ҳудудлараро ҳамкорлик ривожланаётгани, жумладан, Бухоро вилояти ва Ҳамадон устони, Самарқанд ва Исфахон шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилаётгани қўллаб-қувватланди.

Икки мамлакат пойтахтлари ўртасидаги мунтазам авиақатновларнинг кўпайиши ишбилармонлик алоқалари ва ўзаро сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академияси фондларида сақланаётган қадимги қўлёзмаларни чуқур ўрганиш учун қўшма илмий гуруҳ тузишга келишиб олинди.

Музокаралар якунида давлат раҳбарлари бир қатор қўшма “йўл харита”ларини тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали амалга ошириш механизмларини жорий қилиш бўйича топшириқ бердилар.

Олий даражадаги музокаралар якунлангач, икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида Қўшма баёнотни имзоладилар.

Бундан ташқари, ташриф доирасида ҳукуматлар, идоралар ва ҳудудлар даражасида 15 та ҳужжат қабул қилинди.

Ҳукуматлар ўртасидаги имтиёзли савдо тўғрисидаги битим, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Эрон Миллий стандарт ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик дастури, Технологиялар ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар режаси шулар жумласидан.

Қўшма эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш, фармацевтика, транспорт ва транзит соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар қабул қилинди.

Шунингдек, Спорт соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси, Низоларни ҳал этиш ва арбитраж тўғрисида англашув меморандуми, Қайта суғурталаш соҳасида ҳамкорлик бўйича факультатив битим ва бошқа ҳужжатлар ҳам имзоланди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.