Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 ноябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Суҳбат аввалида Озарбайжон Президенти давлатимиз раҳбарини мамлакатимизда ўтган Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан самимий қутлаб, Ўзбекистон халқининг фаровонлиги ва равнақини таъминлаш борасидаги фаолиятига катта муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, Озарбайжон раҳбари ва биродар халқини яқинлашиб келаётган миллий байрам – Ғалаба куни билан самимий муборакбод этиб, тинчлик-осойишталик ва бардавом тараққиёт тилакларини изҳор этди.
Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Етакчилар ўзаро савдо кўрсаткичлари барқарор суръат билан ўсаётгани, иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма лойиҳалар сони ортаётганини катта мамнуният билан қайд этдилар. Жорий йилда Хожиқабул шаҳрида автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, қишлоқ хўжалиги ва ипакчиликда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар муваффақиятли кооперацияга мисол экани таъкидланди.
Келгуси ойда Боку шаҳрида Ўзбекистоннинг миллий саноат кўргазмаси ўтказилади. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишларига тайёргарлик кўрилмоқда.
Транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорлик, шу жумладан пойтахтлар ўртасидаги авиақатновларни тиклаш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудида қўшма маданий-гуманитар тадбирларни мунтазам ўтказиб туриш муҳим экани қайд этилди.
Президентлар минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим жиҳатлари, шу жумладан Туркий кенгашнинг бўлажак саммити кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар. Олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилди.