Ўзбекистон ва Покистон етакчилари стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашдилар

0
161
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон тор доирада музокара ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Покистон Бош вазири давлатимиз раҳбарини ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш Покистон учун устувор аҳамиятга эга эканини қайд этди.

Учрашувда асосий эътибор икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига қаратилди.

Кейинги йилларда алоқалар анча фаоллашди. Бундан ташқари, икки мамлакатнинг турдош вазирлик ва идоралари, ҳудудлар раҳбарлари доимий мулоқотда бўлиб, олий даражада эришилган келишувларни амалга оширмоқда.

Пандемияга қарамай, барча соҳалардаги алоқалар ривожланмоқда. Хусусан, 2021 йилда ўзаро савдо айланмаси қарийб 50 фоизга ўсди. Жорий йил бошидан яна 70 фоиз ўсиш кузатилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда покистонлик инвесторлар томонидан ташкил этилган 177 та корхона фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Президентининг ташрифи арафасида Исломободда Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, бизнес-форум, сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.

 Шавкат Мирзиёев ва Имрон Хоннинг мулоқотида ушбу тадбирларнинг натижалари кўриб чиқилди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий келишувлар ҳажми аввалги йилларга қараганда ўсгани, шу билан бирга, ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги қайд этилди.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятига молик масалалар юзасидан фикр алмашилар экан, томонларнинг позицияси бир хил ёки ўхшаш экани тасдиқланди.

Ўзбекистон ва Покистон халқаро майдонда, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Афғонистонда кун сайин мураккаблашаётган гуманитар ҳолат унинг яқин қўшнилари сифатида Ўзбекистон ва Покистонда жиддий ташвиш уйғотмоқда. Ушбу мамлакатга инсонпарварлик кўмаги кўрсатишга жаҳон ҳамжамияти эътиборини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Имрон Хон Ўзбекистон Президенти туҳфа қилган Урдуча-ўзбекча муштарак сўзлар луғатини катта мамнуният билан қабул қилди. Унда ўзбек ва урду тилларидаги 3 мингдан ортиқ бир хил маъноли сўзлар жамланган.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.