Ўзбекистон крикет федерацияси раиси Азиз Михлиев Покистон Ислом Республикасининг Лаҳор шаҳрига хизмат сафари уюштириб, Покистон крикет кенгаши мутасаддилари билан учрашди.
Ўзаро мулоқотда Ўзбекистон крикет федерацияси ва Покистон крикет кенгаши ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳар икки терма жамоа ўртасидаги ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш борасида ҳам келишувга эришилди ҳамда Азиз Михлиев ва Покистон крикет кенгаши раиси Рамиз Рожа ўртасида мамлакатимизда крикетни ривожлантириш тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Ушбу меморандумга мувофиқ, эндиликда Покистон крикет кенгаши томонидан крикет бўйича ўқув-таълим ишлари амалга оширилади. Бунда асосан мураббийлар ва крикетчиларимизнинг маҳоратларини оширишга эътибор қаратилади.
Покистон крикет кенгаши томонидан махсус дастурга мувофиқ, мутахассислар юборилади ва улар томонидан босқичма-босқич ҳакамлик ва мураббийлик курслари, турли даражадаги амалий ва назарий ўқув-йиғинлари ўтказилади. Бундан ташқари Покистоннинг Лаҳор шаҳридаги крикет бўйича миллий маҳорат марказида турли ёшдаги жамоаларимиз учун ўқув-машғулотлари ташкил этилади.