Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан 17 декабрь куни қилган телефон орқали суҳбатда олий даражадаги келишувларни амалга ошириш ва инвестиция лойиҳаларини илгари суриш масалалари диққат марказида бўлди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Давлатимиз раҳбари Қатар Амирини миллий байрам — Давлатга асос солинган кун билан самимий қутлаб, унга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, дўст Қатар халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Фаол мулоқот ва алмашинувлар натижалари ижобий баҳоланди. Жорий йилнинг ноябрь ойида Доҳа шаҳрида Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши ва бизнес форуми самарали ўтди. Октябрь ойида Тошкент шаҳрида Қатар маданияти ҳафталиги тадбирлари муваффақиятли ташкил этилди.
Қатарнинг етакчи компаниялари иштирокида энергетика, транспорт ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор йўналишларда инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Пойтахтлар ўртасида мунтазам тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани ўзаро сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилмоқда.
Суҳбат чоғида давлат раҳбарлари 2025 йилда бўлажак тадбирлар режасига, шу жумладан «Марказий Осиё — Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» мулоқотининг иккинчи саммитини ўтказишга алоҳида эътибор қаратдилар.
Халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.