Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларининг телефон орқали мулоқоти тўғрисида

0
89
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 май куни Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбатда давлат раҳбарлари олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида кўп қиррали Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

Сиёсий ирода ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш туфайли Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасидаги дўстлик, яхши қўшнилик ва стратегик шерикликка асосланган муносабатларда мавжуд улкан салоҳият тўлиқ рўёбга чиқаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Ҳамкорликнинг эришилган юксак даражаси қардош мамлакатлар ва халқлар шериклигининг ёрқин намунаси экани алоҳида қайд этилди.

Қисқа муддатда ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича улкан натижаларга эришилди. Икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилинди, 15 март куни Остонада унинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Савдо-иқтисодий, инвестиция, энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. Ўзаро савдо ҳажми изчил ўсиб, иқтисодиётнинг турли соҳаларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Ҳудудлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқалар фаоллашди. Авиапарвозлар сони, автомобиль ва темир йўл ташувлари, автобуслар қатнови кўпайди. Маданий-гуманитар ва сайёҳлар алмашуви кенгаймоқда.

Шу ҳақда сўз борар экан, қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суришниг самарали механизми бўлган Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия фаолияти амалий натижалар бераётгани таъкидланди.

Суҳбатда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида яхши қўшнилик муносабатларини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йил март ойида Остонада бўлиб ўтган минтақа давлатлари раҳбарларининг биринчи саммити самарали натижалар бергани мамнуният билан қайд этилди.

Давлат раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Суҳбат якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев қардош мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатлари йўлида серқирра ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда кўп асрлик дўстлик ва шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида қатъий азму шижоатга эга эканликларини таъкидладилар.


Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.