Олий даражадаги музокаралар якунида ҳужжатларни имзолаш ва алмашиш маросими бўлди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон тарихий аҳамиятга эга Абадий дўстликни мустаҳкамлаш ва иттифоқчилик тўғрисидаги декларацияни имзоладилар.
Бундан ташқари, ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар даражасида кўп қиррали Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган 11 та ҳужжат имзоланди.
Жумладан:
— Саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш бўйича “йўл харитаси”;
— маданият вазирликлари ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган маданият ва санъат соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
— Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”;
— Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
— Ипакчилик тармоғида ҳамкорлик тўғрисида меморандум.