Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған 9 апрель куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда бутун мусулмон уммати учун муқаддас Рамазон ҳайити билан бир-бирини самимий табрикладилар, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Давлат раҳбарлари қардош Ўзбекистон ва Туркия халқларига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.
Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик жадал тус олгани, фаол сиёсий мулоқот олиб борилаётгани, савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларидаги алоқалар суръати ошиб бораётгани, самарали маданий-гуманитар алмашинувлар давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Икки мамлакат етакчи корхона ва компанияларининг кооперация лойиҳаларини илгари суриш, ҳудудлар даражасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бўлажак тадбирлар режаси, шу жумладан олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Туркия етакчилари минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар.