Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 декабрь куни Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Давлат раҳбарлари кириб келаётган Янги йил билан бир-бирларини самимий қутладилар.
2019 йил мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим бўлгани мамнуният билан таъкидланди. Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида кирганининг тарихий аҳамияти қайд этилди.
Турли даражадаги алоқалар сезиларли фаоллашди, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда, истиқболли қўшма лойиҳалар амалга ошириляпти, илмий-техник ва маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.
Суҳбат чоғида Президентлар бўлажак олий даражадаги учрашувлар сиёсат, иқтисодиёт, транспорт коммуникациялари, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа йўналишлардаги ўзаро манфаатли шерикликни янада мустаҳкамлаш учун муҳим бўлишини қайд этдилар.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди.