Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 июнь куни Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Суҳбат аввалида Президентлар қутлуғ Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирларини ва қардош халқларимизни қизғин муборакбод этиб, эзгу тилакларини изҳор қилдилар.
Давлат раҳбарлари мамлакатларимиз ўртасида дўстлик, ўзаро ишонч ва стратегик шериклик руҳидаги алоқалар барча соҳаларда, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик йўналишларида жадал ривожланиб бораётганини алоҳида эътироф этдилар.
Жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида ўзаро савдо айланмаси ҳажми 30 фоизга ўсгани, қўшма корхоналар сони охирги бир ярим йил давомида 2 баробарга кўпайгани мамнуният билан таъкидланди.
Бундан ташқари, етакчи турк компаниялари билан бир қатор йирик саноат ва инфратузилма лойиҳалари бўйича биргаликда фаол ишлар олиб борилмоқда. Маданий-гуманитар алмашинув кенгаймоқда, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида қўшма дастурлар амалга оширилмоқда.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Туркия президентлари раислигида Олий даражадаги ўзбек-турк стратегик ҳамкорлик кенгаши илк йиғилишига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги қайд этилди.
Шу мақсадда томонлар яқин истиқболда ташқи ишлар вазирлари бошчилигидаги гуруҳлар учрашуви ҳамда Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказишга келишиб олдилар.
Дўстона ва самимий тарзда кечган суҳбат давомида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик бошқа долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди.