Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған тор доирада музокаралар ўтказди.
Етакчилар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ишончга асосланган кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашувда асосий эътибор стратегик шериклик муносабатлар даражасини юксалтириш, икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалаларига қаратилди.
Кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар, ҳудудлар даражасида доимий мулоқотлар йўлга қўйилган. Олий даражада эришилган келишувлар изчил амалга оширилмоқда.
Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған кооперация лойиҳалари ва дастурларини амалга ошириш орқали савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янада ривожлантириш Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигининг муҳим йўналиши эканини қайд этдилар.
Шу маънода, мамлакатларимизнинг катта салоҳияти ва имкониятларини, шу жумладан Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия механизмидан фаол фойдаланиш орқали рўёбга чиқариш зарурлиги таъкидланди.
Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашар эканлар, мамлакатларимизнинг позициялари ўхшаш эканини қайд этдилар. Кўп томонлама халқаро институтлар доирасидаги икки томонлама ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.