Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 январь куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.
Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари батафсил кўриб чиқилди.
Ўзаро савдо кўрсаткичларининг барқарор ўсиши, саноат, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт соҳаларида амалий ҳамкорлик кўламининг кенгайишига хизмат қилаётган кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан таъкидланди. Ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашиб, биргаликда муҳим гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда.
Етакчилар яқинда ўтган ҳукуматлараро музокараларнинг натижаларини юксак баҳолаб, икки биродар мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни тубдан кенгайтириш муҳим эканини қайд этдилар.
Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари минтақа кун тартиби ва кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик жиҳатлари юзасидан фикр алмашдилар. Бўлажак учрашув ва тадбирлар режаси муҳокама қилинди.
Телефон орқали мулоқот ҳар доимгидек илиқ, дўстона ва конструктив руҳда ўтди.