Ўзбекистон ва Венгрия стратегик шерикликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар

0
43
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Етакчилар Ўзбекистон-Венгрия муносабатлари 2021 йилда стратегик шериклик даражасига кўтарилгани чинакам тарихий воқеа бўлгани ҳамда халқларимизнинг кўп асрлик дўстлиги ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бугунги ривожига тўлиқ ҳамоҳанглигини таъкидладилар.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми қарийб 3 баробар кўпайганини қайд этди. Томонлар келажакда икки томонлама товар айирбошлашни 500 миллион долларга етказиш режасини рўёбга чиқаришга келишиб олдилар.

Виктор Орбан Венгрия Ўзбекистонни ўзининг муҳим ва узоқ муддатли ҳамкори деб ҳисоблашини таъкидлади. Ушбу ташрифнинг бой дастури ҳам ўзаро мулоқотни ҳар томонлама ривожлантиришга интилиш қатъийлигидан далолат беради.

Қишлоқ хўжалиги, транспорт, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, сувни тежаш ва саноат соҳаларидаги кооперацияга янги кучли суръат бағишлаш юзасидан келишувга эришилди.

Шу мақсадда ҳукуматларга устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун тез фурсатда қўшма фонд тузиш топширилди.

Шу билан бир қаторда бизнес-форум ва кўргазмалар мунтазам ўтказиб борилади, имкониятлар максимал даражада ишга солинади, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барча йўналишлари қамраб олинади.

Томонлар яқинда ўтказилган бизнес-форумнинг муваффақиятли якунлари, яъни қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган инвестиция ва савдо битимлари имзолангани натижадор ҳамкорликнинг аниқ амалий натижаси бўлганини мамнуният билан қайд этдилар.

Эришилган келишувларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Будапештда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонасини очиш юзасидан келишувга эришилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Венгрия етакчилари мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги интилиши қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.