Ўзбекистон халқ шоири, атоқли давлат арбоби Ҳалима  Худойбердиевани хотирлаб

0
1327
марта кўрилган.

Ҳалима Умматқуловна Худойбердиева 2018 йил 17 август куни 71 ёшида вафот этган эди. Бугун эса шоиранинг порлоқ хотирасини эслаб, қудаси Азизахон опа дўсту ёронларини чорлаб «Ширин» кафесида дастурхон ёзди. Бу тадбир оилавий аҳилликнинг, миллий қадриятларнинг тимсоли бўлди.

Сўзга чиққан сафдошлари, дўсти ёронлари, шогирдлари шоиранинг  ижод йўли, оилада миллий қадриятларни улуғлаб яшагани,  давлат  арбоби ва устоз сифатида дилларда ёрқин хотиралар қолдиргани ҳақида гапиришди.

Даврани олиб борган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Дилбар Махмудова Ҳалима Худойбердиева ўзбек шеъриятига севги ва садоқат, меҳр ва мурувват каби самимий инсоний туйғуларни тараннум этувчи шоира, ўзбек хотин-қизлари орзу ва армонларининг куйчиси сифатида адабиёт майдонида порлагани ҳақида ҳақида гапириб, шоира  ҳақида ёзган муаллифлик китобидан сатрлар ўқиб берди.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Шарифа Салимова шоиранинг оташин шеърларидан ёд олиб, чуқур моҳиятга эгалигини, инсоний фазилатлари шеърларига сингганлигини шарҳлаб берди.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Муқаддас Абдусаматова шоира ўз ижодида аёл ва она образларининг сеҳрли қирраларини очишга, уларнинг нафақат жамиятнинг тўлақонли ва фаол аъзолари, балки шу жамиятнинг гули эканлигини тараннум этганлигини таъкидлаб, шоирага бағишланган марсиясини ўқиб берди.

Дарҳақиқат, Ҳалима Худойбердиеванинг  «Илк муҳаббат», «Оқ олмалар», «Чаман», «Суянч тоғларим», «Бобо қуёш», «Иссиқ қор», «Садоқат», «Муқаддас аёл», «Бу кунларга етганлар бор», «Ҳурлик ўти», «Тўмариснинг айтгани», «Йўлдадирман» каби 17 та шеърий китоблари нашр этилди.

«Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида Умматқул Худойберди ўғли ва Шафоат Хонназар қизи оиласида дунёга келган. Эътибор беринг, дунёга келиши ҳам дунёдан кетиши ҳам 17 рақамга тўғри келади. Ўлими ҳам 71 ёшда. Ҳалима опам 7 рақамини жуда қадрларди. Шу рақам билан боғлик ҳаётида кўплаб кунлар мавжуд. “Дугонажонлар” журналининг навбатдаги сонини нашримиз муҳаррирининг ҳаёти, фаолияти ва кўпқиррали ижодий фазилатларига бағишлаяпмиз”, деди шогирди Гулжамол Асқарова.

Тошкент давлат университетининг (бугунги ЎзМУ) журналистика факулътетида бирга ўқиган курсдоши, адиба Шаходат Исохонова шоиранинг талабалик йиллари, адабиёт майдонига ёниб кириб келгани ҳақида сўз юритди. Шоирага бағишланган ғазалини ўқиб берди.

 “Ҳалима опа нафақат адабиёт соҳасида журналистика майдонида ҳам жавлон урди. «Саодат» журналида адабий ходим, бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррир сифатида ишлаб журналистикага улкан ҳисса қўшди. Ўша пайтлар аёлларга бағишланган бу журнал қўлма қўл бўлиб кетарди”. Дея эслади Республика хотин қизлар қўмитаси раиси бўлиб  ишлаган Дилбар Ғуломова.

Дарҳақиқат, Ҳалима Худойбердиева Ёшлар нашриётида бўлим мудири, «Ёзувчи» нашриётида етакчи муҳаррир, «Санам» журналида бош муҳаррир ўринбосари, «XXI аср» газетасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлаб, журналистика тараққиётига муносиб ҳисса қўшди.

Биринчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати  бўлиб ёнма-ён ишлаган, Олий Мажлис раиси ўринбосари бўлган Бўритош Шодиева Ҳалима опанинг Ўзбекистон Хотин қизлар қўмитаси раиси (1990-94), давлат арбоби сифатидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида оташин нутқ сўзлади.

 Ҳақиқатда, Ҳалима Худойбердиева ўз ижодида аёл халқ ва мамлакатнинг келажагиини таъминловчи, соғлом ва баркамол ёшларни етказиб берувчи мўъжизавий қудрат эгаси эканлигини куйлади. Ўзбек аёлларининг ўй-хаёлларини, орзу-интилишларини самимий ва гўзал оҳангларда тараннум этиб, замондошлари қалбига аёлларга нисбатан муҳаббат ва эҳтиром туйғуларини жойлашга интилди.

«Нуроний» фонди раиси ўринбосари Хайринисо Мирзожонова ушбу тадбирни уюштиришда марҳумнинг кудаси, дўсти  Азизахон опага фонд қўлдош бўлганини, бу тадбир инсоний  меҳр-муҳаббат, эзгулик тимсоли эканлигини таъкидлади.

 Шоиранинг эзгу амаллари, эзгу сўзлари  ёд этилгач,  шоира хотирасига Қуръони Карим тиловат қилинди.

Халқимизнинг ардоқли ва атоқли фарзанди, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон, катта оила бекаси, меҳрибон она, яқинларига, сингилларига, фарзандларига, куда-андаларга ғамхўр бўлган  Ҳалима Худойбердиеванинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Gujum. Uz сайти таҳририяти ҳам шоиранинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия билдириб, сабр- тоқат тилаб, Оллоҳдан охирати обод бўлишини сўраб  қолади.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.