Муҳтарам ватандошлар!
Аввало, Сиз, азизларни бугунги қутлуғ айём – Ўзбек тили байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Инсон учун киндик қони томган Ватани, дунёга келтириб вояга етказган ота-онаси қанчалик азиз ва мукаррам бўлса, унинг ўзлиги ва маънавий оламини белгилайдиган она тили ҳам шунчалик қадрли ва мўътабардир.
Қадим туркий тилимизни илк бор илмий асосда тадқиқ этган буюк аллома Маҳмуд Кошғарийнинг: “Эрдам боши тилдур”, яъни “Барча эзгуликлар тилдан бошланур”, деган сўзларида теран ҳақиқат мужассам. Дарҳақиқат, одамзот қалбидаги жамики олижаноб фазилатлар она тилининг бетакрор мўъжизаси, сеҳри ва жозибаси билан камолга етади.
Халқимиз тафаккурининг тиниқ кўзгуси бўлган бу бебаҳо хазинани асраб-авайлаш ва ривожлантириш бугунги кундаги энг шарафли вазифаларимиздан биридир.
Улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоий бобомизнинг: “Тилга эътибор – элга эътибор”, деган доно ўгитларига амал қилган ҳолда, юртимизда тил масаласида олиб борилаётган давлат сиёсати инсон қадрини улуғлашга қаратилган туб ислоҳотларимизга ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини ошириш борасида янги босқич бошланди, десак, айни ҳақиқат бўлади.
Хусусан, 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни деб белгилангани унутилмас, тарихий воқеага айланди. Давлат тилининг нуфузи ва мақомини юксалтиришга қаратилган фармон ва қарорлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Ушбу йўналишда 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепция ва алоҳида дастур ҳаётга жорий этилмоқда.
Бу ҳақда гапирганда, яқинда қабул қилинган тегишли қонунларга асосан реклама ва тарғибот материалларини давлат тилида эълон қилиш тартиблари ҳамда давлат фуқаролик хизматига қабул қилишда ўзбек тилини билиш даражаси бўйича аниқ талаблар белгиланганини таъкидлаш лозим.
Вазирлар Маҳкамаси таркибида Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаментининг фаолияти йўлга қўйилди. Марказда ва жойларда давлат тилини ўргатиш курслари иш олиб бормоқда.
Қисқа вақт ичида беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, ўндан ортиқ соҳага оид атамалар луғатлари, ўттиз жилдлик “Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги” тадқиқотлар мажмуаси яратилди.
Шу кунларда она тилимизда “Туркий адабиёт дурдоналари” номли юз жилдлик муҳташам тўплам нашрдан чиқаётгани, фаол ва истеъдодли ёшларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан Интернет тармоғидаги ўзбекча маълумотлар электрон базаси бойитиб борилаётгани қувонарли ҳол, албатта.
Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётининг сара намуналари хорижий тилларга таржима қилиниб, чет эллик китобхонларнинг ҳам эътиборини қозонмоқда. Истеъдодли олим ва ижодкорларимиз қаламига мансуб илмий ва бадиий асарлар нуфузли халқаро мукофотларга сазовор бўлмоқда.
Хорижий давлатлар ўқувчилари ўртасида Ўзбек тили ва адабиёти халқаро олимпиадасини ўтказиш йўлга қўйилгани ҳам она тилимизни кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда жаҳон миқёсида 50 миллионга яқин киши ўзбек тилида сўзлашмоқда. Кўплаб мамлакатларда бу гўзал ва жозибали тил катта иштиёқ билан ўрганилмоқда.
Айни пайтда, мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатларнинг тили, маданияти ва қадриятларини асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратилмоқда. Биз бу йўналишда олиб бораётган ишларимизни келгусида ҳам изчил давом эттирамиз.
Ҳурматли дўстлар!
Ҳаммамизга аёнки, кўп миллатли халқимизни юксак маърифатли жамият барпо этишдек эзгу мақсад йўлида жипслаштириш, юртдошларимиз қалбига ягона Ватан, умумий фаровон келажак туйғусини сингдиришда ўзбек тили бирлаштирувчи аҳамиятга эгадир.
Шу боис, Янги Ўзбекистонни ҳар томонлама тараққий эттириш, Учинчи юксалиш даври пойдеворини яратишга қаратилган тарихий ислоҳотлар жараёнида ўзбек тилини ривожлантириш бўйича белгилаб олган вазифаларимизни изчил давом эттиришимиз лозим.
Бугунги кунда ёшларимизнинг дунёқараши, одоб-ахлоқи ва нутқ маданиятига салбий таъсир кўрсатаётган иллатлар, айниқса, турли электрон воситалар орқали тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдидларга қарши маърифат ва илм билан самарали кураш олиб бориш ҳаётий заруратга айланган.
Бу борада ахборот-коммуникация технологияларининг тилини ўзбекчалаштириш, бутунжаҳон Интернет тармоғидаги миллий сегментни янада бойитиш, ўзбек ва хорижий тиллар бўйича луғат ва сўзлашгичларнинг янги авлодини яратиш кечиктириб бўлмас вазифаларимиз сирасига киради.
Жаҳон тараққиёти ютуқлари ва қимматли манбаларни ўзбек тилига таржима қилиш орқали она тилимизни илм-фан ва инновациялар тили сифатида ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратишимиз зарур.
Шу маънода, XX аср бошида яшаб ижод қилган, ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк ва рус тилларидаги сўзларни ўз ичига олган бебаҳо луғат китобини яратган маърифатпарвар бобомиз Исҳоқхон Ибратнинг: “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу Ватаний ишдир”, деган ҳикматли сўзлари биз учун муҳим дастуриламал, ҳаёт йўлимизни ёритадиган маёқ бўлиб хизмат қилиши керак.
Фурсатдан фойдаланиб, миллий ўзлигимиз ва ғуруримиз тимсоли бўлган она тилимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришдек шарафли ишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча фидойи ватандошларимизга чин қалбдан миннатдорлик билдираман.
Азиз юртдошлар!
Сизларни яна бир бор Ўзбек тили байрами билан самимий қутлаб, барчангизга мустаҳкам саломатлик, оилангизга қут-барака, тинчлик ва омонлик тилайман.
Она тилимизнинг сўнмас зиёси онгу тафаккуримиз, қалбларимизни ҳамиша ёритиб турсин!
Шавкат МИРЗИЁЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти