Ўзбекистон халқига байрам табриги

0
70
марта кўрилган.

Қадрли ватандошлар!

Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда кўпмиллатли бутун халқимизни мамлакатимиз ҳаётидаги улуғ тарихий сана – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаб олинган ҳуқуқий-демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб келаётган Асосий қонунимизнинг миллий тараққиётимиздаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида, ғоят оғир ва мураккаб бир шароитда қабул қилинган Конституциямиз берган ҳуқуқ ва имкониятлар туфайли эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан ўтган даврда ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида улкан ютуқ ва натижаларни қўлга киритдик.

Ана шундай мустаҳкам ҳуқуқий асосга таяниб, кейинги йилларда мамлакатимизда кенг кўламли демократик ислоҳотлар жадал амалга оширилмоқда.

Энг муҳими, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг мазмуни, ватандошларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши тубдан ўзгармоқда. Юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, миллати, тили ва динидан қатъи назар, жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, ўз тақдирининг чинакам эгаси, мамлакатимиздаги барча ўзгариш ва янгиланишларга ўзини нафақат дахлдор, балки бу жараёнларнинг бевосита иштирокчиси, эркин ва бунёдкор инсон сифатида ҳис этмоқда.

Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг қонуний кафолати бўлган, биз учун озод ва обод ҳаёт қуриш йўлини очиб берган Конституциямиз билан шу боис ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак, арзийди, албатта.

Муҳтарам дўстлар!

Дунё миқёсида “Янги Ўзбекистон” деган ибора пайдо бўлиб, Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва обрў-эътибори тобора ортиб бормоқда.

Барчангиз хабардорсиз, шу кунларда мамлакатимизда Асосий қонунимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича муҳокамалар давом этмоқда. Ушбу конституциявий ислоҳотларни Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мазмуни ва мантиғи, халқимиз билдираётган талаб, истак ва таклифлар, мухтасар айтганда, шиддат билан ўзгараётган даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Шу сабабли ҳозирги вақтда “Инсон – жамият – давлат” деган тамойилни Конституциямиз ва қонунларимизга, кундалик ҳаётимизга чуқур сингдиришимиз зарур.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш бу борадаги ислоҳотларимиз марказига олиб чиқилмоқда.

Жумладан, ижтимоий давлат тамойили, оила институтининг конституциявий асосларини мустаҳкамлаш, кекса авлод вакилларини, ногиронларни ишончли ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, таълим ва илм-фан, маданиятни ривожлантириш, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, экологик мувозанатни сақлаш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда маҳалланинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш каби кўплаб принципиал аҳамиятга эга масалалар Асосий қонунимизда муҳрлаб қўйилмоқда.  

Бу жараёнда сиз, азиз ватандошларимиз – турли касб ва ижтимоий гуруҳга мансуб фуқароларимиз томонидан билдирилган барча таклиф, фикр ва мулоҳазалар албатта инобатга олинади ва Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилади.

Айни шу асосда Бош қонунимиз чинакам халқ Қомуси, чинакам халқ Конституцияси бўлади.

Ҳурматли юртдошлар!

Пандемия шароитига қарамасдан, мамлакатимизда меҳнат жамоаларида, маҳалла ва таълим масканларида, хонадонларда Конституция байрами, эҳтиёт чораларига амал қилган ҳолда, кўтаринки руҳда нишонланмоқда.

Биз яқинлашиб келаётган янги – 2023 йил учун улкан дастур ва режаларни тузмоқдамиз. Конституциямизда белгилаб олаётган эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, янги уй-жойлар барпо этиш, иш ўринларини кўпайтириш бўйича катта-катта вазифалар бу дастурларда ўзининг аниқ ифодасини топмоқда.

Ишончим комилки, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, фидокорона меҳнат қилиб, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга албатта эришамиз.

Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

Сизларни, бутун халқимизни Конституциямизнинг қутлуғ байрами билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларингизга файз-у барака тилайман.

Халқимиз тинч, юртимиз омон бўлсин!

Барчамизни Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин!

Шавкат Мирзиёев,     Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.