Конституциявий комиссия аъзолари, экспертлар гуруҳи ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган брифингда Конституциявий комиссиянинг учинчи ташкилий йиғилишида кўриб чиқилган масалалар юзасидан маълумот берилди.
Таъкидланганидек, фуқаролардан келаётган таклифларни қабул қилиш, ўрганиш, умумлаштириш кенг қамровда ва тизимли ташкил этилмоқда. Хусусан, комиссия ҳузуридаги Таклифлар билан ишлаш гуруҳи томонидан 24 соат давомида фуқароларимиздан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш бўйича таклифлар қабул қилинмоқда.
Ҳозирги кунга қадар Конституциявий комиссияга бошқа ҳудудларга нисбатан Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона, Сурхондарё, Жиззах вилоятларидан кўпроқ таклифлар келиб тушган. Уларнинг 70 фоиздан ортиғи 30 ёшгача бўлган фуқаролардан келгани эса уларнинг бу жараёнга фаол эканлигини кўрсатмоқда.
Брифингда таъкидланганидек, конституциявий ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамияти институтлари, айниқса сиёсий партиялар, маҳаллалар ҳамда илмий-тадқиқот институтларининг фаоллиги яққол сезилаяпти. Фуқаролик жамияти институтлари бир томондан Конституцияни бойитиш мақсадида асослантирилган жамоавий таклифларни беришда жонбозлик кўрсатаётган бўлса, иккинчи томондан халқимиз орасида конституциявий ислоҳотларнинг тарғиботида ҳам фаол иштирок этмоқда.
Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, Фанлар Академияси таркибидаги тадқиқот институтлари, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси Академияси, Судьялар олий мактаби каби институтлар Конституциявий комиссияга жамоавий таклифлар юборишда етакчи ўринларда турибди.
Брифингда ўтган вақт ичида келиб тушган таклифларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам маълумот берилди. Қайд этилишича, фуқаролар томонидан келиб тушаётган таклифларнинг салмоқли қисмини инсон шаънини ҳамма нарсадан устун қўйиш, сифатли ва малакали тиббий хизматни ташкил этиш, таълимни ривожлантириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, хусусий мулк ҳимоясини муҳофаза қилиш, тадбиркорлик ва инвестициявий муҳитни яхшилашга доир масалалар ташкил этмоқда.
Конституциявий комиссия Матбуот хизмати томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот бериларкан, фуқароларимизга конституциявий ислоҳотларга оид ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти ҳақида тезкор, холис ва тўлақонли ахборот етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари, жумладан, телевидение, радио, газета ва журналлар ҳамда интернет нашрлари билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатилгани таъкидланди.
Комиссия ўз фаолиятини бошланган кундан бошлаб ҳозирга қадар жами 626 та лавҳалар, интервьюлар, информацион ва махсус кўрсатувлар эфирга узатилди. Давлат ва нодавлат радиоканалларида жами 343 та информацион ва махсус эшиттиришлар ташкил қилинди .
Шунингдек, марказий ва ҳудудий босма нашрларда 100 дан ортиқ мақолалар чоп этилган бўлса, интернет нашрларида эса 415 та, “Telegram”, “Facebook”, “Instagram”, “YouTube” каби ижтимоий тармоқларда жами 3 789 та ахборот материаллари эълон қилинган.
Шу билан бирга, Конституциявий комиссия Матбуот хизматининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида 145 дан ортиқ ахборот материаллари жойлаштирилди. Қолаверса, конституциявий ислоҳотларни тарғиб қилишга қаратилган 50 дан ортиқ репортаж, видеороликлар тайёрланиб, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилиши таъминланмоқда.
Брифингда жорий йилнинг 3-8 июнь кунлари барча мобиль алоқа операторлари орқали фуқароларнинг Конституциявий ислоҳотлар жараёнида фаол бўлиши учун смс-хабарномалар юборилиши ташкил қилингани юзасидан ҳам маълумот берилди.
Конституциявий комиссия Матбуот хизмати